Мисрнинг Синай яримороли шимолида мамлакат хавфсизлик кучлари ИШИДнинг маҳаллий бўлимининг 14 жангарисини йўқ қилди.

10 июлда Миср қуролли кучларининг расмий вакили Муҳаммад Самир йирик ҳужумни амалга оширмоқчи бўлган террорчилар Шайх-Зувайд шаҳрида йўқ қилингани маълум қилди.

Унинг айтишича, разведка хавфсизлик кучларининг назорат-ўтказиш пунктига ҳужум қилмоқчи бўлган бир гуруҳ жангариларни аниқлаганини маълум қилгандан кейин уларга авиазарбалар берилган. 12 нафар террорчи асирга олинган.

Синайда деярли ҳар кун армия ва ички ишлар вазирлиги қисмларига ҳужумлар уюштирилади. Бунинг оқибатида ўтган йилларда хавфсизлик кучларининг юзлаб ходимлари ҳалок бўлган. Бу ҳужумларнинг кўпчилиги ортида "Ансор Байт ал-Мақдис" ("Қуддус тарафдорлари") гуруҳи туради. Гуруҳнинг етакчилари ИШИД етакчисига содиқликка қасамёд келтирганидан кейин, гуруҳ номи "Вилоят Сина"га ("Синай вилояти") алмаштирилган.