5-12 июль кунлари Фарғона шаҳрида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги футболга ихтисослашган мактаб-интернатлари ўртасида ўтказилган Республика биринчилиги мусобақаларида андижонлик ёш футболчилар ғолибликни қўлга киритди.

2003-2004 йилда таваллуд топган болалар ўртасида ташкил этилган мусобақада Бухоро, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд  вилоятидан ташриф буюрган тенгдошлари устидан ғалаба қозонган андижонлик иқтидорли футболчилар финалда Наманган  жамоасига қарши тўп суриб, муросасиз кечган баҳснинг асосий бўлимларида ҳисоб дуранг бўлгач,  пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида устун келдилар.

Бугун Шўрбулоқ даҳасида жойлашган мактаб-интернати биносида ғолиб футболчиларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олган “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси вакили Ўткирбек Тошпўлатов, вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Узоқовлар ва ота-оналар ёш футболчиларни эришган ғалабалари билан қутладилар. Совриндор спортчиларга вилоят халқ таълими Бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.

-Тарбияланувчиларимизнинг катта ютуққа эришишида мураббий педагогларимизнинг хизматлари беқиёс,-дейди ихтисослашган мактаб-интернати директори Насибулло Мадраҳимов. Уларнинг сайи-ҳаракатлари натижасида республика миқиёсидаги кўплаб мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқдамиз. Ўқувчиларимиздан Дониёрбек Абдуманнопов Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига қабул қилинди ва у шу йилнинг сентябрь ойи Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатининг финал баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда. Шогирдларимизга ўйинлар олдидан натижа биринчи даражада эмаслиги, балки устозлар томонидан берилган ўгитлар асосида ўйнаши кераклигини уқтирамиз. Кўриб турганингиздек, жисмоний, руҳий ҳолат ва тактик ишланмалар тўлиқ бажарилганида натижалар ўз-ўзидан келаверади.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон