Россия авиакомпанияларининг молиявий аҳволи ёмонлашиб, бозор иштирокчилари давлат томонидан соҳага ёрдам кўрсатилишига умид қилмоқда. «Коммерсантъ» газетаси Ҳаво траснпорти фойдаланувчилари уюшмаси президенти Владимир Тасунга таянган ҳолда шу ҳақда ёзмоқда. 

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг йирик авиакомпанияларининг 2016 йил биринчи чорагидаги зарари 24 миллиард рублгача ошган. Ўтган йилнинг шу даврида бу рақам 16 миллиард рублни ташкил этган эди. 

«2015 йилда пайдо бўлган кўрсаткичларнинг тобора салбий ўзгаришлари кузатилмоқда», — дейди Тасун.

Авиакомпанияларнинг биринчи чоракдаги харажатлари 15 фоизга ортиб, 225 млрд рублни ташкил этган. 

«Албатта, чипта нархларини ошириш ёки Туркияга бўлгани каби чартер парвозларини йўлга қўйиш билан талабни қайтариб бўлмаслиги аниқ», — деган уюшма президенти. 

Шу боисдан, унинг фикрича, мазкур муаммони ҳал этиш учун қандайдир жиддий чоралар кўриш лозим. Хусусан, кам таъминланган оилаларнинг авиапарвозлари бўйича давлат буюртмаси ёки солиқ юкни камайтириш шулар жумласидан.