Қадимда донишмандлардан бири “биз дунёни, аёллар эса бизни бошқаради”, деган эди. Учинчи минг йилликда бу қараш янгича аҳамият касб эта бошлади. Сўнгги вақтларда жамиятда аёлларнинг мавқеи мустаҳамланиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда, десак янглишмаган бўламиз. Кузатувчиларнинг фикрича, сиёсат кенг тарқалаётган касблардан бирига айланиб қолди. Бу касбга билим ва тафаккурга эга, раҳбарлик қобилияти бор ва ўзини кўрсатиш ниятида бўлган аёллар ҳам кенг жалб қилинмоқда.

Жамият тараққиёти бир ерда қотиб турмайди. Авваллари аёллар фақат уй ишлари, бола тарбияси билан шуғулланиши керак, деган фикрлар мавжуд эди. Эндиликда эса жамият ишларида аёлларнинг кенг иштирокига ҳеч ким таажжуб билан қарамайдиган бўлиб қолди. Масалан, сиёсатга аралашиб қолган эркакнинг рафиқаси ҳам турмуш ўртоғи билан бирга турли тадбирларда иштирок этар экан, ўзи билмаган ҳолда сиёсатга кириб қолади. Хотин-қизлар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиш билан бир қаторда сиёсатда ўзларини кўрсатиш имкониятларига эга бўлишди. Бироқ, тан олиш керак, айрим мамлакатларда аёлларнинг ўрни ошхонада, деган қарашлар ҳам буткул йўқолмаган.

Бугунги глобал замонда аёлларнинг ўрнига етарлича баҳо бериш жуда ҳам зарур. Чунки аёллардаги иш қобилияти, мамлакатларнинг янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этади. Тарихда аёлларнинг ҳокимиятда бўлиши билан боғлиқ ҳодисаларга алоҳида эътибор қаратиш керак. “Нозик жинс” вакиллари мураккабликлар ва муаммоларни ҳал қилишда эркаклардан қолишмаган ҳолда ҳаракат қилганларига тарих гувоҳ.

Бундан бир ой аввал ҳеч ким 59 ёшли Тереза Мэйнинг бош вазир бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Кўпчилик Дэвид Кэмероннинг меросхўри сифатида Хазина канцлери Жорж Осборнни кўрарди. 23 июнда бўлиб ўтган референдум ҳамма нарсани остин-устун қилиб ташлади, гўё.

23 июнда бўлиб ўтган референумда кўпчилик аҳоли Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқишини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг бош вазир Дэвид Кэмерон истеъфога чиқиши борасида маълум қилди. Ҳукмрон Консерватив партия янги раҳбар излашга киришди. Бу жараён 9 сентябрга қадар давом этиши кутилаётган эди. Аммо жараён тезлашиб кетди. Аввалига беш нафар номзод кўрсатилган эди. Шундан икки нафари, яъни Тереза Мэй ва Андреа Лидсом ўртасида кураш бориши айтилган эди. Куни кеча Андреа Лидсом ўз номзодини қайтариб олишга қарор қилди. Шу тариқа Тереза Мэйнинг ўзи қолди. 

Куни кеча  Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон  баёнотида 13 июль куни истеъфога кетишини билдирди. У ўз сўзида 12 июль куни вазирлар маҳкамасининг сўнгги мажлисига раислик қилишини таъкидлаб ўтди. 13 июлда бош вазир Вакиллар Палатасида чиқиш қилиб депутатларнинг саволларига жавоб беради. Шундан сўнг Букингем саройига йўл олиб қироличага истеъфога чиқиши борасида мурожаат қилади. Қиролича Елизавета Иккинчи Лондон ташқарисида бўлиб, пойтахтга 14 июлда қайтиши айтилмоқда. Нима бўлганда ҳам 13 июль Буюк Британияда янги бош вазир ўз фаолиятини бажаришга киришади. Ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Тереза  Мэй Буюк Британия хукуматини бошқарадиган бўлди.

Ҳукумат алмашинуви чоршанба куни бўлиб ўтади. Олти йил Буюк Британия ҳукуматига раҳбарлик қилган Дэвид Кэмерон бугун Даунинг-стрит кўчасидаги  10-рақамли бинони тарк этади. Даунинг-стрит кўчасидаги 10 дейилганда кўпинча Британия ҳукумати тушунилади. XVII асрда қурилган мазкур бино мана 111 йилдирки Бош вазирнинг қароргоҳи бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳукмрон Консерватив партия раҳбари Тереза Мэй бош вазир лавозимини эгаллайди.

Британия қонунларига кўра, янги бош вазир махфий мактуб ёзиши керак бўлади. Бу мактубда, ядро ҳужумлари юз бергудек бўлиб ҳукумат аъзоларининг ҳаммаси ҳалок бўлган тақдирда амалга ошириладиган ишлар баён қилинади. Янги бош вазир шахсан ўз қўли билан тўрт нусхада ёзган мактуби конвертга солиниб, муҳрланади ва ядро қалпоқчалари бўлмиш баллистик ракеталари мавжуд бўлган тўртта Trident сув ости кемалари командирларига юборилади. Бош вазир мактуби субмариналарнинг жангавор постларида икки томонлама муҳофазаланган сейфларда сақланади. Мактубларнинг матни ҳеч қачон ошкор қилинмайди. Бош вазир истеъфога кетганидан сўнг бу мактублар йўқ қилинади. Тахминларга қараганда бош вазир мактубида тўртта вариант акс этади. Яъни, жавоб зарбаси бериш, жавоб зарбаси беришдан воз кечиш, қўмондонлар ўз хоҳишларига кўра қарор қабул қилишлари ва иттифоқчи давлатлар қўмондонларига ўтиш тавсия қилинади. 

Тереза Мэй Бирмингемда сўзлаган нутқида мамлакат тараққиётидаги учта муҳим йўналиш хақида тўхталиб ўтди. У ўз сўзида мамлакат келажагига ишонч билан қарашини, нафақат Консерватив партия аъзоларини, балки бутун мамлакатни жипслаштириш ниятида эканини, Буюк Британия яхши ҳислатларга эга арбобга муҳтожлигини таъкидлаб ўтди.

Тереза Мэй 1956 йилнинг 1 октябрида Истборнда туғилган. Оксфорд университетининг жуғрофия факультетини тамомлаган. Англия Банки ва Лондон бошқарув идораларида ишлаган. 2010 йилдан бери ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келади. 2010—2012 йилларда бир вақтнинг ўзида Хотин-қизлар ишлари бўйича вазир лавозимида ишлаган. 1997 йилдан парламентнинг Вакиллар палатаси аъзоси.

Куни кеча Sky news телеканали ўтказган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, Тереза Мэйни респондентларнинг 62 фоизи қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Эслатиб ўтамиз, мухолифатдаги лейбористлар партиясининг раҳбари Жереми Корбинни атиги 18 фоиз респондент қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга аҳолининг 44 фоизи қайтадан умумий сайловлар ўтказилиши кераклигини  таъкидлаган бўлса,  47 фоизи сайловларга қарши чиқмоқда. Тереза Мэй ҳам муддатдан илгари парламент сайловлари ўтказилишига ҳожат йўқлигини айтиб келади. Тереза Мэй 23 июнь куни Европа Иттифоқи сафларидан чиқиш борасида қарорга келган Буюк Британия аҳолисининг хоҳиш-иродасини бажаришга тайёр эканини билдирди.

13 июлдан бошлаб Буюк Британия тарихида сўнгги 26 йил мабайнида илк бор аёл киши бош вазирлик вазифасига киришади. Мамлакат тарихида “темир хоним” номи билан ҳукуматни бошқарган Маргарет Тэтчердан бошқа ҳеч бир аёл ҳукуматни бошқармаган эди. Мэй қиролича Елизавета II давридаги ўн учинчи бош вазир сифатида тарихга киради. Қиролича ҳукмронлигининг биринчи бош вазири Уинстон Черчилль бўлган эди.

Тереза Мэйни темир хоним Маргарет Тэтчерга қиёслашмоқда. Аммо унинг ўзи бу ўхшатишларга унчалик ҳам қўшилмайди. Лекин бу икки сиёсатчи аёлнинг ўхшаш томонлари бор. Тэтчер ҳам (1950, 1951 йй), Мэй ҳам (1992, 1994 йй) икки марта парламент сайловларида мағлубиятга учраган. Темир хоним бош вазир лавозимини эгаллаганда 53 ёшда эди. Унгача 20 йил парламентда фаолият юритди. Мэй хоним эса 59 ёшида бош вазир бўлди. Унгача 19 йил парламент депутати бўлди. Тэтчер тўрт йил мобайнида (1975-1979) мухолифат рахбари бўлди. Бироқ Мэй бундай тажрибага эга эмас. Аммо унинг олти йил Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритиши Буюк Британиянинг сўнгги 100 йиллик тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Тэтчер каби Мэйнинг хам отаси руҳоний бўлган. Уларнинг ҳар иккиси Оксфорд университетини тамомлаган.  Тэтчер кимёни, Мэй эса жуғрофияни битирган.

Тереза Мэйнинг бош вазир лавозимига тайинланиши барча томонларнинг манфаатларига хизмат қилади. Бу хақда бош вазир ўринборсари ва канцлер раҳбари  Жорж Осборн маълум қилди.

Тереза Мэй Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи сафларидан чиқишига қарши эди. Энди эса мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши борасида музокоралар ўтказишга мажбур.

Мэй хонимнинг халққа яқинлиги сабаб уни британияликлар яхши кўради. Унинг бир камчилиги бор. У ҳам бўлса чиройли буюмларни яхши кўришидир. “Менга латта ва туфлилар ёқади, улар карьерамга халақит бермайди”, дейди Британия янги бош вазири. Мэйнинг соғлиғида муаммо бор. У қандли  диабетга чалингани боис мунтазам равишда инсулин олиб туради. Бунинг устига фарзанд кўра олмаслигидан азият чекади.

Янги ҳукуматга кимлар киради? Таҳлилчиларнинг фикрича, ташқи ишлар вазири Филип Хаммонд мавқе жиҳатидан ҳукуматда иккинчи ўринда турувчи молия вазири лавозимини эгаллайди. Ички ишлар вазири этиб Меҳнат ва пенсия ишлари вазири Стивен Крабб ёки мудофаа вазири Майкл Фэллон тайинланиши кутилмоқда.

Куни кеча халқ Мэй хонимни яна яхши кўриб қолди. Маълумки, ҳукумат қароргоҳида Лари лақабли мушук бор бўлиб, сичқон тутиш билан шуғулланади. Янги бош вазир бундан кейин ҳам қароргоҳда Ларри қолиб, сичқон тутиш вазифасини давом эттираверишини айтди. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган мулоҳазаларга қараганда, мушукка ҳам озор бермайдиган бош вазир британияликларни хафа қилмайди. 

XX—XXI асрларда ҳукмронлик қилган аёллар

Виктория (1819 -1901) — Буюк Боритания қироличаси (1837-1901).

Евгения де Монтихо (1826—1920) — Франция императрица-консорти ва  регенти.

Изабелла II (1830-1904) — Испания қироличаси (1833—1868).

Циси (1835- 1908) — Хитой ҳукмдори (1861-1908).

Лилиуокалани (1838—1917) — Гавайи меросхўр қироличаси (1891-893), ёзувчи, Гавайининг “Алоха Оэ” мадҳияси муаллифи.

Ольга Константиновна (1851-1926) — Греция қиролича-консорти ва регенти.

Лаура Тереза I (1856-1916) —Араукания ва Патагония қироличаси.

Мария Кристина Австрийская (1858-1929) — Испания қиролича-консорти ва регенти.

Ранавалуна III (1861-1917) — Имерин қироличаси.

Лунъюй (1868—1913) — Цин сулоласи регенти.

Мария Аделаида (1894—1924) — Люксембург буюк герцогиняси (1912—1919).

Заудиту (1876-1930) — Эфиопия ҳукмдори (1916-1930).

Шарлотта (1896—1985) — Люксембург буюк герцогинияси (1919-1940)

Марианжела (1897-1934) — Таволар қироличаси.

Салоте Тупоу III (1900—1965) — Тонга  қироличаси ( 1918).

Вильгельмина (1880—1962) — Нидерландия қироличаси (1890-1948)

Хертек Амирбитовна Анчимаа-Тока — Тува Халқ Республикаси Кичик Хурали раиси (1940—1944).

Юлиана (1909—2004) — Нидерландия қироличаси  (1948-1980).

Елизавета II ( 1926 йилда туғилган) — Буюк Британия қироличаси (1952 йилнинг  6 февралидан).

Сиримаво Бандаранаике (1916-2000) — Цейлон (Шри-Ланки) бош вазири (1960—1965, 1970—1977 ва 1994—2000) дунёнинг биринчи аёл бош вазири.

Индира Ганди (1917-1984) — Ҳиндистон бош вазири (1966-1977 ва 1980—1984).

Сун Цинлин (1892-1981) — Хитой Халқ Республикаси Раиси вазифасини бажурувчи (1968-1972).

Голда Меир (1898-1978) — Исроил Бош вазири (1969—1974).

Маргрете II (1940 йилда туғилган) —1972 йил 15 январдан Дания қироличаси.    

Мария Эстела Мартинес де Перон (1931 йилда туғилган) — Аргентина  президенти (1974-1976) жаҳонинг аёл биринчи президенти.

Домитьен, Элизабет (1925—2005) — Марказий Африка Республикаси бош вазири (1975—1976)

Маргарет Тэтчер (1925-2013) — Буюк Британия бош вазири (1979—1990).

Мария ди Лурдеш Пинтасилгу — Португалия бош вазири  (1979)

Лидия Гейлер Техада — Боливия президенти вазифасини бажарувчи  (1979—1980)

Беатрикс (1938 йилда туғилган) — Нидерландия қироличаси. 1980 йил 30 апрелдан.

Вигдис Финнбогадоттир (1930 йилда туғилган ) — Исландия президенти (1980—1992).

Мэри Южиния Чарльз (1919-2005) — Доминикан бош вазири  (1980—1995)

Гру Харлем Брундтланд (1939 йилда туғилган ) — Норвегия бош вазири (1981, 1986—1989 ва 1990—1996).

Минита Гордон — Белиз генерал-губернатори  (1981—1993)

Агата Барбара (1923-2002) — Мальта президенти (1982—1987).

Милка Планинц (1924—2010) — Югославия бош вазири (1982—1986)

Жанна Матильда Сове (1922—1993) — Канада генерал-губернатори (1984-1990).

Кармен Перейра (1937 йилда туғилган) — Гвинея-Бисау Муваққат президенти (1984)

Корасон Акино (1933-2009) — Филиппин президенти (1986-1992).

Беназир Бхутто (1953-2007) — Покистон Бош вазири (1988-1990 ва 1993—1996).

Кэтрин Анна Тизард-Маклин (1931 йилда туғилган) — Янги Зеландия генерал-губернатори (1990—1996).

Нита Бэрроу — Барбадос генерал-губернатори (1990—1995)

Те Атаирангикааху (1931—2008) — Маори қироличаси.

Сабина Бергман-Поль ( 1946 йилда туғулган) — ГДР Давлат Кенгаши раиси (1990).

Прунскене, Казимира Дануте (1943 йилда туғилган) — Литва бош вазири (1990—1991)

Эрта Паскуаль Труйо — Гаити Президенти (1990—1991)

Виолетта Торрес де Чаморро (1929 йилда туғилган) — Никарагуа президенти (1990—1997).

Мэри Робинсон (1944 йилда туғилган) — Ирландия президенти (1990—1997).

Холида Зиё Раҳмон (1945 йилда туғилган) — Бангладеш бош вазири (1991-1996 ва 2001—2006).

Эдит Крессон (1934 йилда туғилган ) — Франция бош вазири (1991-1992)

Ханна Сухоцкая (1946 йилда туғилган) — Польша бош вазири (1992—1993)

Кэмпбелл, Ким (1947 йилда туғилган) — Канада бош вазири (1993 йилнинг июнь –ноябрь ойларида).

Агата Увилингийимана (1953—1994) — Руанда бош вазири (1993—1994).

Сильвия Киниги — Бурунди бош вазири (1993—1994)

Чиллер, Тансу (1947 йилда туғилган) —Туркия бош вазири

Чандрика Кумаратунге (1945 йилда туғилган ) — Шри-Ланка президенти (1994—2005).

Клодетт Верле ( 1946 йилда туғулган) — Гаити бош вазири  (1995—1996)

Хасина Авами Вазед (1947 йилда туғилган) — Бангладеш бош вазири (1996—2001 ва 2009 йилнинг  6 январидан ҳозирга қадар).

Жаган, Жанет (1920—2009) — Гайана Президенти (1997—1999)

Женни Шипли ( 1952 йилда туғилган) — Янги Зеландия бош вазири (1997—1999).

Мэри Макэлис ( 1951 йилда туғилган) — Ирландия президенти (1997—2011)

Перлетт Луизи (1947 йилда туғилган) — Сент-Люсия президенти (1997 йилдан)

Рут Дрейфус (1940 йилда туғилган) — Швейцария федерал президенти (1999—2000).

Мирейя Москосо (1946 йилда туғилган) — Панама  президенти (1999—2004).

Адриен Кларксон (1939 йилда туғилган) — Канада генерал-губернатори (1999—2005).

Хелен Элизабет Кларк (1950 йилда туғилган) — Янги Зеландия бош вазири (1999—2008).

Вайра Вике-Фрейберга (1937 йилда туғилган ) — Латвия президенти (1999—2007).

Тарья Халонен (1943 йилда туғилган) — Финляндия президент (2000-2012)

Глория Макапагал Арройо (1947 йилда туғилган) — Филиппин президенти (2001—2010)

Мегавати Сукарнопутри (1947 йилда туғилган) — Индонезия президенти (2001—2004).

Сильвия Картрайт (1943 йилда туғилган) — Янги Зеландия генерал-губернатори (2001—2006).

Айви Дюмонт — Багам ороллари генерал-губернатори (2001—2005)

Маме Мадиор Бойе —Сенегал бош вазири  (2001—2002)

Наташа Митич (1965 йилда туғилган) — Сербия президенти вазифасини бажарувчи  (2002—2004).

Чан Сан — Жанубий Корея бош вазири (2002)

Мария даш Невеш — Сан-Томе ва Принсипи бош вазири (2002-2004)

Моника Дейкон — Сент-Винсента ва Гренадин генерал-губернатори вазифасини бажарувчи (2002)

Беатрис Мерино — Перу бош вазири  (2003)

Аннели Яаттеэнмяки (1955 йилда туғилган) — Финляндия бош вазири  (2003)

Валерия Чаватта (1959 йилда туғилган) — Сан-Марино капитан-регенти (2003-2004 ва 2014)

Луиза Дмогу (1958 йилда туғилган) — Мозамбик бош вазири  (2004—2010)

Радмила Шекеринская (1972 йилда туғилган) — Македония бош вазири (2004)

Микаэль Жан (1957 йилда туғилган) — Канада генерал-губернатори (2005—2010).

Ангела Меркель (1954 йилда туғилган) — Германия канцлери  2005 йил 22 ноябрдан.

Юлия Тимошенко (1960 йилда туғилган) — Украина бош вазири (2005 йил 4 феврал- 2005 йил 8 сентябр, 2007 йил  18 декабр — 2010 йил 3 март).

Мария ду Карму Силвейра — Сан-Томе ва Принсипи бош вазири (2005—2006)

Элен Жонсон-Серлиф (1936 йилда туғилган ) — Либерия президенти 2006 йил 16 январдан.

Мишель Бачелет (1951 йилда туғилган) — Чили президенти (2006—2010 ва  2014 йил 11 мартдан)

Поршия Симпсон-Миллер (1945 йилда туғилган) — 2012 йил  5 январидан  Ямайка бош вазири (2006—2007).

Хан Мун Сук — Жанубий Корея бош вазири (2006—2007)

Мишлин Кальми-Рей (1945 йилда туғилган) — Швейцария федерал президент (2007—2008).

Пратибха Патил (1934 йилда туғилган) — Хиндистон президенти 2007 йил 19 июлдан 2012 йил 25 июлга қадар.

Киршнер, Кристина (1953 йилда туғилган) — Аргентина президенти 2007 йил 10 декабри ва 2012 йилнинг  5 январидан бери.

Луиза Лэйк-Тэк (1944 йилда туғилган) — Антигуа ва Барбуда генерал-губернатори (2007йилдан )

Зинаида Гречаная (1956 йилда туғилган) — Молдавия бош вазири (2008—2009).

Мишель Пьер-Луи (1947 йилда туғилган) — Гаити бош вазири (2008—2009)

Квентин Луиза Брюс (1942 йилда туғилган) — Австралия генерал-губернатори 2008 йил 5 сентябрдан.

Антонелла Муларони (1961 йилда туғилган) — Сан-Марино ҳукумат раиси (2008йилдан бери).

Йоханна Сигурдардоттир (1942 йилда туғилган) — Исландия бош вазири (2009—2013).

Ядранка Косор (1953 йилда туғилган) — Хорватия бош вазири (2009—2011).

Даля Грибаускайте (1956 йилда туғилган) — Литва президенти 2009 йил  12 июлдан.

Дорис Лойтхард (1963 йилда туғилган) — Швейцария президенти (2010)

Отунбаева Роза — Қирғизистон Муваққат ҳукумат раҳбари ва президенти (2010—2011).

Чинчилья, Лаура (1959 йил туғилган) — Коста-Рика президенти  2010 йил  8 майдан.

Радичова Ивета (1956 йилда туғилган) — Словакия бош вазири (2010—2012).

Гиллард Жулия (1961 йилда туғилган) — Австралия бош вазири  2010 йил 24 июндан 2013 йил 27 июнгача.

Русеф Дилма (1947 йилда туғилган) — Бразилия президенти 2011 йил 1 январдан.

Мария Луиза Берти (1971 йилда туғилган) — Сан-Марино капитан-регенти (2011)

Атифете Яхьяга — Косово президенти 2011 йил  7 апрелдан.

Торнинг-Шмитт Хелле — Дания бош вазири  2011 йил  3 октябрдан.

Чиннават Йинглак (1967 йилда туғилган) — Таиланд бош вазири 2011 йил  5 августдан 2014 йил  7 майга қадар.

Эвелине Видмер-Шлумпф — Швейцария президенти (2012).

Банда, Джойс (1950 йилда туғилган) — Малави президенти 2012 йил 7 апрелдан.

Пак Кин Хе (1952 йилда туғилган) — Корея Республикаси президенти 2013 йил  25 февралдан.

Братушек Аленка (1970 йилда туғилган) — Словения бош вазири  (2013 — 2014).

Антонелла Муларони (1961 йилда туғилган) — Сан-Марино капитан-регенти (2013 йил 1 апрел - 1 октябр).

Анна Мария Муччоли (1964 йилда туғилган ) — Сан-Марино капитан регенти (2013 йил  1 октябр-2014 йил  1 апрел).

Аминату Туре (1962 йилда туғилган) — Сенегал бош вазири 2013 йил 1 сентябрдан.

Эрна Солберг (1961 йилда туғилган ) — 2013 йил 16 октябрдан Норвегия Давлат вазири.

Симонетта Соммаруга (1960 йилда туғилган) — Швейцария вице-президенти (2014).

Катрин Самба-Панза (1954 йилда туғилган) — Марказий Африка Республикаси президенти  2014 йил  20 январдан бери.

Лаймдота Страуюма (1951 йилда туғилган) — Латвия бош вазири  2014 йил 22 январдан бери.

Мари-Луиз Колейро Прека (1958 йилда туғилган) — Мальта президенти 2014 йил  4 апрелдан бери.

Флоренс Дюперваль Жилом — Гаити бош вазири 2014 йил 21 декабрдан .

Колинда Грабар-Китарович — Хорватия президенти  2015 йил 15 февралдан.

Шарофиддин Тўлаганов