Америкалик Роберт Куглер саратон касалига чалинган Белла лақабли ити билан мамлакат бўйлаб саёҳатга йўл олди. Бемор итига сўнгги саёҳат уюштиришга қарор қилган эркак тарихи ОАВ вакилларини қизиқтириб қўйди. Бу ҳақида CNN ва WOWT 6 News телеканаллари маълум қилди

Небраскида истиқомат қилувчи киши 9 йил аввал Белла лақабли лабрадор итини сотиб олди. 2015 йилнинг май ойида жониворда остеосаркома касаллиги топилди. Ўшанда Куглерда итини саёҳатга олиб чиқиш ғояси пайдо бўлди. "Мен шунчаки бир куни уйга қайтиб, уни ўлик ҳолатда топишни истамадим", - деди итнинг эгаси. 

Куглер ва унинг ити АҚШ бўйлаб саёҳатни Чикагодаги денгиз хизмати билан танишувдан бошлашди, бир пайтлар Куглернинг ўзи ҳам шу бўлимда фаолият кўрсатган. Шундан сўнг улар Кливленд, Филадельфия, Вашингтон, Ниагара шаршараси, Адирондак тоғи ва бошқа жойларни зиёрат қилишди. Бугунги кунда Куглер ва Белла Флоридада бўлиб, улар мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни давом эттиришмоқчи. 

Куглернинг тан олишича, у саёҳатга нафақат ити учун, балки бошқа одамларни ҳам яшашга ундаш ниятида ҳам йўл олган. "Атрофдагиларни яшашга илҳомлантирмоқчиман. Бир-бирингизни қандай бўлсангиз, шундайлигингизча севинг ва дўст орттиринг", - деди у. 

Суратлар: cnn.com