Анқара прокуратураси 14-июль куни АҚШ адлия вазирлигига, Туркия расмий ҳукуматига мухолифатдаги ислом раҳномаси Фатҳуллоҳ Гуленнинг экстрадициясини сўраб, сўровнома юборган. У, Туркияда террорчилик ташкилоти ташкил этиш ва қонуний ҳокимиятни ағдаришга уринганликда айбланмоқда, деб хабар қилмоқда Sabah нашри.

Газетанинг Туркия прокуратурасидаги манбасига кўра, сўровда Американинг Пенсильвания штатида истиқомат қилувчи Гуленнинг манзили ҳам кўрсатилган. 

Расмий Анқара, Гулен тарафдорларининг Туркиядаги фаолиятини  "давлат ичидаги давлат"га қиёслайди. Мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг фикрича, Гулен қонуний турк ҳокимиятини ағдаришга уриниб келади. 

Эрдўған ўзининг хулосасига, 2013-йилги норозилик намойишлари, Туркия раҳбарларининг телефон орқали мулоқотларининг тингланиши ҳамда 2013-йил декабрь ойидаги коррупцияга қарши кампания натижаларини асос қилиб кўрсатади.