Туркия ҳукумати аҳолиси асосан курдлардан иборат бўлган Диёрбакир вилоятининг 16 қишлоғи аҳолисига кўчаларга чиқишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда 14 июлда вилоят губернатори баёнотига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Маҳаллий ҳукумат Туркияда Курдистон ишчи партияси жангчилари қидирилаётгани сабабли бундай чорага борди. Жангчиларни тутиш бўйича операция Сильван шаҳри атрофида ва тоғларда олиб борилмоқда. 

Таъкидланишича, аҳолига кун бўйи амал қилаётган комендантлик соати вақтида Сильван яқинидаги ҳудудларга кириш ва улардан чиқиш тақиқланади. "Фуқаролар ўз ҳаётлари ва мулкларининг хавфсизлиги мақсадида тақиқловларга амал қилишлари зарур", деб айтилди баёнотда. 

Туркия ва мамлакат ҳудудида муҳторият ташкил қилишга кураш олиб бораётган курдлар ўртасидаги қуролли ихтилоф 2015 йилда минтақада ўрнатилган осойишталик бузилгандан кейин кескинлашди. Бу ўтган йил 20 июлда Суруч шаҳрида содир этилган терактдан кейин юз берган. Терактда 32 киши, асосан курдлар ҳалок бўлган. КИП Туркия ҳукуматини террорчиларга ҳаспўшлик қилишда айблаган ва турк кучларига қарши партизан урушини бошлаган.