Буюк Британиянинг янги бош вазири Тереза Мэй Ниццадаги теракт туфайли COBRA фавқулодда қўмитаси йиғилишини ўтказишни буюрди. 

"Мен бугун миллий хавфсизлик кенгашидаги ўринбосаримга фавқулодда қўмита йиғилишини ўтказишни буюрдим", деб айтди Мэй.

Қўмита таркибига мамлакатнинг ички ишлар вазирлиги ва махсус хизматлар вакиллари киради. 

Мэй Британия ҳукумати Ниццадаги фожиада ҳалок бўлган ёки жароҳат олган британияликлар бўлганини зудлик билан аниқлашни буюрганини қўшимча қилган. Ҳозиргача мамлакатнинг бир фуқароси ярадор бўлгани маълум. 

14 июлда кечки пайт Ниццада Франция миллий байрами – Бастилиянинг олиниши кунида салют кўргани йиғилган одамларни юк машинаси ҳайдовчиси атайлаб босиб кетган. Ҳужум оқибатида айни вақтда 84 киши ҳалок бўлган. 

Февралда ўтказилган сўровнома маълумотларига кўра, 64 фоиз французлар Африка ва Яқин Шарқдан келган муҳожирлар Франциядаги жиноятчилик даражасига салбий таъсир кўрсатишини айтишган. Бундан ташқари, сўралганларнинг 67 фоизининг фикрича, мамлакат ҳукумати ва ОАВ муҳожирлар амалга оширган жиноятлар ҳақида ҳаққоний маълумот бермайди.