АҚШ президентилигига демократлар партиясидан ўз номзодини кўрсатган Ҳиллари Клинтон ирқчиликка қарши курашишда оқ танлиларнинг фаол бўлишлари керак эканини таъкидлади.

«Бизга Линкольннинг ирқчи издошлари керак эмас. Бизга ирқчиликка барҳам берадиган инсонлар керак. Бу борада оқ танлилар фаол бўлишсин. Айнан улар расизмни қораласа, ўзгариш бўлади»,- деб Клинтоннинг сўзларидан иқтибос келтиради Тhе Washington Post.

Клинтоннинг президентлик пойгасидаги рақиби Доналд Трамп АҚШга мусулмонларнинг киришини чеклаш ва кўплаб шунга ўхшаш таклифлари билан маҳаллий радикалларни ўз томонига оғдирмоқда. Унинг бош мақсади Американи яна бой ва қудратли қилиш. Трампнинг шиори ҳам шундай белгиланган.

Клинтон эса анча хотиржам тарзда ҳаракат қилиб, Американи бой қилиш шарт эмаслигини, у шундай ҳам бой эканини, АҚШ бирлашишга муҳтожлигини такрорлаб келади.

The Washington Post Авраам Линкольн ҳақида шундай маълумотни хабарга илова қилган: «Линколн қора танлилар ва оқ танлиларнинг келиша олмасликларини ҳисобга олиб, қора танлиларнинг Африка ва Марказий Америкага кўчиб кетиши учун Конгрес пул ажратиши керак деб ҳисоблаган. У икки ирқ вакилларининг турмуш қуришлари ва қора танлиларнинг овоз беришига ҳам қарши бўлган».