АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан деярли ягона номзод ҳисобланувчи миллиардер Дональд Трампнинг баёнот беришича, агар у давлат раҳбари лавозимига сайлангудек бўлса, мамлакат Конгрессига мурожаат қилиб, ИШИДга уруш эълон қилишни сўрайди. Бу ҳақда миллиардер Ниццадаги қўпорувчиликдан сўнг, Fox News телеканалида қилган чиқишида маълум қилган

"Бу уруш ва биз ҳарбий либосга эга бўлмаганлар билан урушмоқдамиз", - деган Трамп. 

"Бу одамлар бизнинг мамлакатимизга келмоқда ва уларнинг кимлигини, қаердан келганлигини ҳам билмаймиз, ҳатто", - деб қайд этган миллиардер. 

Дональд Трамп, бошловчининг, агар Трамп президент бўлса, ИШИДга қарши расман уруш эълон қилишни сўраб, Конгрессга мурожаат қилармиди? - деган саволига - "Қилар эдим", - дея жавоб берган.

Республикачи номзод, яна бир марта ИШИДга қарши жанговар ҳаракатларда НАТОдан фойдаланиш зарурлигига урғу берган. 

"Биз НАТО учун улкан маблағ сарфламоқдамиз ва мазкур харажатларни оқлашимиз ҳам керак", - деган Трамп. 

The Washington Post газетасининг ёзишича, Конгресс 74 йилдирки ҳеч кимга уруш эълон қилмаган. Конгресс бундан аввал, 1812-йилги уруш, америка-мексика, испан-америка, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларида ушбу ваколатидан фойдаланган ва расман уруш эълон қилган.