Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбул шаҳридаги Отатурк халқаро аэропортига келгач, кўп сонли тарафдорлари билан учрашди. У давлат тўнтариши амалга оширилишига уринишдан кейин мамлакатдан чиқиб кетиш ниятида бўлмаганини билдирди.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, у давлат тўнтариши амалга оширишга уринганларни давлатга хиёнатда айблади ва қуролли кучлар сафида тозалаш ишлари ўтказилишини билдирди.

Унинг айтишича, бир гуруҳ хоин ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширишга уринишди.

У шунингдек, Фатҳулло Гулен бошчилигидаги мухолифат кучларини айблаган. 

Бундан олдинроқ, Гулен раҳбарлигидаги "Хизмет" ташкилоти бу исёнга алоқадор эмаслигини маълум қилганди.