Европарламент социал ва демократлар фракцияси раҳбари Жанни Питтела Туркияда давлат тўнтарувига уринишни қоралади ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни мамлакатдаги "антидемократик тенденцияларда" айблади.

"Шуниси аниқ бўлиши керакки, Туркияда сиёсий рақиблар, ОАВ эркинлиги ва инсон ҳуқуқига қарши антидемократик тенденциялар учун жавобгар бўлган президентга нисбатан қатъий фикримиз ўзгаришсиз қолади", деб айтилди Пителла баёнотида.

Унинг айтишича, Европарламент социаллар фракцияси турк ҳукуматини "ҳуқуқнинг устуворлиги билан боғлиқ вазиятнинг янада ёмонлашиши" учун фитнадан фойдаланиш ўрнига "мамлакатда демократия қанчалик барбод қилингани ҳақида ўйлаб кўришга", вазиятнинг яхшиланишини таъминлашга ва курдлар билан тинчлик жараёнига қайтишга чақирмоқда. 

Пителла Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги муносабатлар "асосий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш ҳамда сиёсий ва демократик вазиятнинг тўлиқ барқарорлашишига асосланган" бўлишига ишора қилди.