Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатининг бир нечта шимолий туманларида 16 июлда айирмачилар тарафдорлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари ўртасида бир нечта тўқнашувлар содир бўлди, деб хабар бермоқда IANS ахборот агентлигига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

Агентлик маълумотларига кўра, 16 июлдаги тўқнашувлар қурбонлари сони 42 га етган, 3 мингдан кўпроқ одам жабр кўрган.

Жабрланганларнинг катта сондалиги ҳуқуқ-тартибот муассасалари норозиларни тинчлантириш учун пневматик қурол ишлатгани билан тушунтирилмоқда. Бу ҳолат ҳинд жамиятида баҳс келтириб чиқарди, чунки резина ўқнинг кўзга тегиши оқибатида кўриш қобилиятини йўқотганлар ёки йўқотиш мумкинлиги ҳақида кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. 

Штатнинг 10 та округида комендантлик соати сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, полиция бир қатор босма нашрларда рейд ўтказган. Рейдлар давомида босма қурилмалари ва газета нусхалари мусодара қилинган. Бу ҳақда  Greater Kashmir, Kashmir Observer, Rising Kashmir нашрлари хабар берган. 

Greater Kashmir нашри уч ходими ҳибсга олинганини маълум қилган. 

Оммавий норозиликлар, хавфсизлик кучлари ходимларига ҳужумлар Ҳиндистонда террорчилик гуруҳи деб тан олинган "Ҳизб-ул-Мужоҳидин" гуруҳининг 21 ёшли фаоли Бурҳон Музаффар Ваний бартараф этилганидан кейин бошланган.

Аҳолисининг кўпчилиги мусулмонларни ташкил қиладиган мамлакатдаги ягона штат Жамму ва Кашмирда штатнинг Покистонга қўшилиши тарафдори бўлган айирмачилар ҳаракат қилади. Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида расмий чегара йўқ – икки давлат армиясини назорат чизиғигина ажратиб туради.