Туркия бош вазири ўринбосари Меҳмет Шимшек хорижий инвесторлар мамлакатда бўлиб ўтган давлат тўнтаришига уринишнинг ёмон оқибатларидан ташвишга тушишига ҳожат йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар тарқатган.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат марказий банк ва бошқа молия муассасалари билан маслаҳатлашувдан кейин "барча зарур чоралар"ни кўради.

Вазир ўринбосари айнан қандай чоралар кўрилишига аниқлик киритмаган, лекин у мамлакатда сиёсий барқарорлик ўрнатилгани ва макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳам жойидагини билдирган.

17 июль куни Шимшек хорижий инвесторлар билан телекўприк орқали мулоқот қилишни режалаштирган.

Туркия ҳарбийлари 15 июль куни кечқурун Босфор бўғози орқали ҳаракатни тўсиб қўйишди ва Анқара ҳамда Истанбул шаҳарларига танклар билан кириб, давлат тўнтариши ҳақида эълон қилишди.

16 июль тонгида фитна бостирилди, тўқнашувлар давомида 265 киши ҳалок бўлди.

Ҳозирда фитнага алоқадорликда гумон қилинган ҳарбийларни ҳибсга олиш ишлари давом этмоқда, айни вақтда уларнинг сони 6000 нафарга етган.