17 июль оқшомида Ереванда жиддий воқеалар содир бўлмади ва тун осуда ўтди. Бу ҳақда полиция маълумотига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар тарқатди.

Ереван жанубидаги Эребуни туманида жойлашган полиция патруль-пост хизмати полки қуролли шахслар гуруҳи томонидан қўлга олинганидан 1 кун ўтди. Арманистон пойтахтидаги Мовсес Хоренаци кўчаси полиция машиналари, зирҳли машиналар ва ҳарбий юк машиналари билан бекитиб қўйилган. 

17 июль куни тонгида, маҳаллий вақт билан соат 04:00да мухолифатдаги радикалларнинг 30 кишилик гуруҳи полиция патруль-пост хизмати полки дарвозасини бузиб кириб, бинони эгаллаб олди ва унинг ичидаги хизматчиларни гаровга олди. Ҳужум вақтида полк бошлиғи ўринбосари, полковник Артур Ваноян ҳалок бўлган ва 2 киши жароҳатланган.

Қуролли гуруҳ мухолиф сиёсатчи, «Янги Арманистон» жамоат қутқарув жабҳаси етакчиси Жирайр Сефилянни ҳибсдан озод этишни ҳамда ҳукумат истеъфосини талаб қилди. Сефилян 26 июнь куни ҳибс қилинганди. Тергов давомида у ўз тарафдорлари билан Еревандаги телекоммуникация бинолари, хусусан телеминорани қўлга олишни режалаштиргани маълум бўлган.

Арманистон МХХ юқори лавозимли ҳарбийлар бу гуруҳ билан гаровдагиларни озод этиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган. Дастлаб 8 киши гаровда тутиб турилгани маълум бўлганди. Кейинчалик махсус амалиёт орқали 2 киши озод этилди. Айни вақтгача 6 киши гаровда қолмоқда.

Эребуни Ереваннинг энг аҳоли зич яшайдиган туманларидан бири ҳисобланади. Полк ўрнашган ҳудуд яқинида Эребуни полиция бўлими, туман биринчи инстанция суди ҳамда маҳбусларни вақтинчалик сақлаш муассасаси бинолари жойлашган.

Туманда яшовчи аҳоли вакилларининг гувоҳлик беришича, эрталаб маҳаллий вақт билан 05:00 да ўқ овозлари ва портлашлар эшитилган. Томларга снайперлар жойлаштирилган.