2016 йил 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигида, Меҳнат вазири А. Абдуҳакимов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Квон Ён-у билан учрашди. 

Учрашувда қайд этилганидек, Корея республикаси Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг Меҳнат захираларини ривожлантириш масаласида асосий ҳалқаро ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда, бир нечта лойиҳалар амалга оширилган ёки оширилмоқда. Улар орасида, Тошкент шаҳридаги профессионал тайёрлаш Маркази фаолият юритаётганини таъкидлаш мумкин. Унда йилига 360дан ортиқ ўзбекистонлик мамлакат иқтисодиётида талаб кучли бўлган мутахассисликларга эга бўлмоқда. 

Шу йилнинг сентябрь ойида эса, айни шундай марказнинг Самарқанд шаҳрида ишга туширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Шаҳрисабз, Қўқон ва Урганч шаҳарларида ҳам шу каби марказларни барпо этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бу ўз навбатида, Ўзбекистон меҳнат захираларининг салоҳиятини оширишга ҳамда 1996 йилдан бери амалда бўлган бандликка кўмаклашиш тизимининг фаолиятини яхшилашга хизмат қилади. 

Айни дастур ижроси доирасида 50 мингга яқин ўзбекистонлик Корея Республикасига меҳнат қилиши учун юборилган. Улар, Ватанларига қайтгач, замонавий завод ва фабрикаларда меҳнат қилишмоқда ёки Ўзбекистонда янги бизнес турларини ташкил этишган. 

Ўз навбатида, яқинда Ўзбекистондаги элчилик фаолиятини бошлаган кореялик Элчининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Корея республикалари стратегик ҳамкор давлатлардир. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Корея Меҳнат ва бандлик вазирлиги ўртасидаги қалин алоқалар, Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан инсон захираларини ривожлантириш соҳасига қўшаётган ҳиссаси, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар нақадар ишончли эканини кўрсатади. 

Ўзбекистон Меҳнат вазири бандликни таъминлаш тизими хусусида батафсил тўхталар экан, аҳолининг бандлигига кўмак берувчи 193та туман марказлари фаолият кўрсатаётгани, тадбиркорлар учун бизнес юритиш борасида яратилган қулай шарт-шароитлар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринларини ташкил этишга ёрдам берадиган имтиёз ва устунликларни қайд этган. 

Бундан ташқари, вазирлик раҳбарининг таъкидлашича, Меҳнат вазирлиги Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги меҳнат захиралари салоҳиятини ривожлантириш масаласида кореялик ҳамкорлар билан яқин алоқада бўлиш ниятида.