Озарбайжон саноати тараққий этган индустриал мамлакат бўлиб, иқтисодиётида нефть ва газ, нефтни қайта ишлаш, кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати ва рангли металлургия катта ўрин тутади. Озарбайжон иқтисодиётида нефть тармоғи етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келади. Аммо сўнгги вақтларда нефть тармоғидан бошқа соҳаларни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бу борада маълум ютуқлар қўлга киритилди. Ҳукумат олдида турган муҳим вазифалардан бири иқтисодиётнинг нефтга бўлган қарамлилигини бартараф этиб, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган минтақаларни ривожлантиришдан иборатдир. Айни дамда қишлоқ хўжалиги нефть ва қурилиш тармоқларидан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибди. Озарбайжон қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг таркибий қисмларидан бири бўлиб, унинг ҳиссасига ялпи ички маҳсулотининг 5,7 фоизи тўғри келади. Нефтдан бошқа тармоқларнинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши йил сайин ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, Озарбайжоннинг халқаро майдондаги обрўсининг янада кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Бироқ жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқироз, жумладан, нефть нархининг кескин тушиб кетгани Озарбайжон макроиқтисодий ва молиявий барқарорлигига қисман бўлса-да таъсир кўрсатгани аниқ. Шу сабабли республика раҳбарияти дунёдаги глобал иқтисодий инқирозларнинг республика иқтисодиётига таъсирини камайтириш, глобал таҳдидларнинг олдини олиш ва унга мослашиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни кўрмоқда. Мана шу мақсадларни амалга ошириш йўлида иқтисодий инқироз чуқур таҳлил қилинмоқда, кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Макроиқтисодий барқарорликни ушлаб туриш ва миллий иқтисодиётни рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мослаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Республика иқтисодиётини ривожлантириш йўлида сармоявий муҳитни яратиш йўлида бир қатор ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунинг учун тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари, банк тизими ишончлилигини таъминлаш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Нефть нархининг ўзгариб бораётгани Озарбайжонни безовта қилмасдан қолмайди. Президент Илҳом Алиев Осиё Тараққиёт банки Кенгашининг йиғилишида сўзлаган нутқида нархларнинг ўзгариши Озарбайжон учун чақириқ эканини билдирди. Айни дамда ҳукумат Ахборот-коммуникация технологиялари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қарор қилди. Келажакда мамлакат аҳолини 100 фоиз Озарбайжоннинг ўзида етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашни режалаштирган.

Макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Озарбайжонда Молиявий Барқарорлик Кенгаши ташкил этиладиган бўлди. Бу борадаги фармон жума куни республика президенти Илҳом Алиев томонидан имзоланди.

Молиявий Барқарорлик Кенгашига бош вазир Артур Расизаде раислик қилади. Кенгаш аъзолигига президентнинг иқтисодий ислоҳотлар бўйича маслаҳатчиси Натиг Амиров, молия вазири Самир Шарифов, иқтисодиёт вазири Шахин Мустафаев, Марказий банк раиси Эльман Рустамов, Молиявий бозорлар устидан назорат палатаси директорлар кенгашининг раиси Руфат Асланли ва Давлат нефть жамғармаси (SOFAZ) ижрочи директори Шахмар Мовсумов киритилди.

Кенгаш котибиятини шакллантириш Марказий банкка юклатилди. Эндиликда бир ой мобайнида мазкур Кенгаш молия-кредит тармоғидаги вазиятни таҳлил қилиши керак. Шунингдек, халқаро тажриба ва стандартлар асосида қонунчилик базасини экспертиза қилади. Таклифлар кейинчалик мамлакат президентига тақдим қилинади. Кенгаш макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида мунтазам равишда тадбирлар ўтказиб туриши белгилаб қўйилди. Президент фармонида тадбирларни ўтказишда маҳаллий ва хорижий мутахассислар, таҳлилчилар, халқаро ташкилотлар ва корхоналар, илмий муассасалар ҳам жалб қилиниши, ишчи гуруҳлари ташкил этилиши таъкидланади.

Шарофиддин Тўлаганов