БМТ Туркияни мамлакатда давлат тўнтарувига уриниш амалга оширилгандан кейин ўлим жазосини қўллашга қайтмасликка чақирди. Журналистларга БМТ бош котиби расмий вакили Фархон Ҳақнинг айтишича, БМТ ўлим жазосидан воз кечган мамлакатлар яна унга қайтмасликларини афзал кўради. 

"Биз ўлим жазосини бекор қилган мамлакатлар яна уни киритмасликларини афзал билишимизни аниқ билдирганмиз. Ўлим жазосига тақиқлов амал қиладиган мамлакатларда бу тақиқлов сақланиб қолишини истаймиз", деб айтди Ҳақ. 

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат ҳарбий тўнтарувга уриниш иштирокчилари учун ўлим жазосини киритишни ортга сура олмаслигини айтди. У бу масала муҳолифат билан муҳокама қилинишини айтиб ўтган.

Европалик сиёсатчилар Туркияда ўлим жазосининг киритилиши унинг Европа Иттифоқига кириши бўйича музокараларнинг тугашини англатишини айтишган. Туркияда ўлим жазоси 2004 йилда Европа Иттифоқига киришга қаратилган ислоҳотлар доирасида бекор қилинганди.   

2007 йилда БМТ Бош ассамблеяси ўлим жазосига ялпи тақиқловни киритишга чақирувчи резолюцияни қабул қилган. Ўшандан бери бир қатор давлатлар, жумладан Аргентина, Бурунди, Габон, Латвия, Того ва Ўзбекистон ўлим жазосидан воз кечган. БМТ маълумотларига кўра, ташкилотга аъзо 193 давлатдан 150 дан кўпи ўлим жазосини бекор қилган ёки уни ҳеч қачон қўлламаган. Айни вақтда жиноятчиларга қарши ўлим жазоси қўлланадиган йирик давлат АҚШ бўлиб қолмоқда.