Туркия ҳарбий денгиз флотининг 4та кемаси Қора денгиз акваториясида бўлиб турибди, шундан 2таси Руминия сувларида. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги ҳарбий-дипломатик манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Бундан олдинроқ Times нашри Туркия флотининг 14 кемаси 15 июль оқшомидаги воқеалардан кейин ҳарбий базаларга қайтмагани ҳақида хабар берганди. Нашрнинг ёзишича, жума куни кемалар Қора денгиз ва Эгей денгизига навбатчиликка чиқишган. Бу кема бортларида исёнчилар борлиги тахмин қилинмоқда. Улар кемаларни Грецияга олиб кетган бўлиши мумкин.

"Ҳозирда Қора денгиз ҳудудида Туркия флотининг камида 4та кемаси бор: 2таси Руминиянинг Констанца портида, биттаси Болгариянинг Бургасе портида, яна бири эса Қора денгизнинг бетараф сувларида сузмоқда. Россия сувлари ҳудудида турклар кемаси йўқ", деган манба.

Шу билан бирга у денгиз ҳудудида сувости кемалари бор бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.