Дунёда одамлар кўп. Уларнинг ҳар бири нимагадир қизиқади, нимагадир ҳаддан ортиқ меҳр қўяди, айрим ҳолларда, улар айни шу ёқтирган нарсасига эришиш учун бир қарашда ғалати кўринган ишларни амалга оширишади. Қуйида, футбол юлдузлари билан бир лаҳзалик учрашув, кўришиш учун мухлислар амалга оширган 8та хатти-ҳаракатни эътиборингизга ҳавола этамиз. 

1. Яхтани қувиб етмоқ

Воқеа, «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Испаниянинг Ибица дам олиш масканида ҳордиқ чиқараётган вақтда юз берди. Аргентиналик бўш вақтини оиласи билан ўтказиш мақсадида каттагина яхтани ижарага олганидан кўп ўтмай, уни мухлисларидан бири таъқиб қила бошлаган. Жидду-жаҳднинг жиддийлигини қаранг-ки, у, Месси сузаётган кемага тезроқ яқинлашиш учун ўзи келган кемадан денгизга шўнғишдан ҳам тап тортмаган. Албатта, мухлиснинг дўстлари ҳам уни Месси билан суратга олишга шай туришган. 

2. Футболчининг хонасига бостириб кириш

Буниси Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юз берди. Ўшанда, 15-ёшли футбол мухлиси Яго Леаль Португалия терма жамоаси ўрнашган меҳмонхонага киришнинг антиқа усулидан фойдаланди. Ўспирин йигит, бинонинг томидан сувни оқизувчи қувур орқали Криштиану Роналду хонасининг балконига, сўнгра хонага кира олган. Леалнинг сўзларига кўра, у ўзидан аввал португал футболчиси ётган ўринда ётаётганидан ҳузур қилган. Хонасига кирган Криштиану чақирилмаган меҳмондан ҳайрон қолган бўлса-да, қўриқлаш хизматини чақирмаган, аксинча хонадан чиқиб кетишни сўраган. 

3. Майдонга югуриб чиқиш

Футбол бўйича яқинда тамомланган Европа чемпионатида Роналду билан боғлиқ яна бир воқеа эътиборни тортади. Ўшанда, Португалия – Австрия ўйинидан сўнг, португалиялик ҳужумчи билан селфига тушишни хоҳлаган мухлис майдонга югуриб чиққан эди. Унинг мақсадини тўғри тушинган Роналду ҳам стюардлардан мухлисга тегинмасликни сўраб, ўсмир билан суратга тушди. 

Шунга ўхшаш яна бир воқеа ЖАРлик бола иштирокида содир бўлди. Унинг миллий терма жамоаси ўз уйида бразилияликлар билан ўртоқлик учрашуви ўтказаётган эди. Ўйин тугаши билан майдонга югириб чиққан болакай стюардларнинг чаққонлиги эвазига футболчиларга ета олмай қолди. Аммо, унинг жонига Неймар аро кирди. Ҳужумчи африкалик болани қўриқчилардан олиб, бир неча маротаба суратга тушган, шундан сўнг, Бразилия терма жамоаси ўйинчилари биргаликда болакайни осмонга отишган. 

Шу ўринда, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасида Корея республикасига қарши меҳмонда ўтказган ўйини вақтида юз берган воқеани ҳам ёдга олишни истаймиз. Ўшанда, ўзбек футбол мухлиси ўйин якунланишига саноқли дақиқалар қолганида, майдонга югуриб чиққан ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари билан кўришиб, стюардларнинг кўмагида майдонни тарк этган эди. 

4. Мақсад учун 2400 км ҳам чўт эмас

Албатта, бу масофа ҳаво лайнерида ўтилса, унчалик ҳам машаққат туғдирмаслиги аниқ. Аммо, таниқли сербиялик саёҳатчи Драган Шишбалич, севимли жамоаси – «Партизан» ортидан бутун Европани велосипедда кезиб чиққанига нима дейсиз. Серб шу номдаги футбол ва баскетбол жамоаларига фаол мухлислик қилади. Шишбалич ҳатто 2400 км масофани ортда қолдириб, Москвага келишнинг уддасидан чиқа олган сайёҳ мухлис ҳамдир. Бу сафари мобайнида Шишбаличнинг велосипеди икки марта бузилган, сафар 15 кун вақтни олган. 

5. Чипта хариди учун 17 соат

«Йовил Таун» мухлиси Жеймс Кржижановски эса, Англия кубогининг 1/32 финали ўйинига кириш учун чипта харид қилиш мақсадида 17 соат навбат кутиб турган. Ўйин «Манчестер Юнайтед»га қарши бўлиб ўтиши керак эди. Талабнинг кўплиги сабаб, Кржижановски тунбўйи касса ёнида туришга мажбур бўлган. Унинг айтишича, она шаҳри жамоаси «МЮ»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлганига қарамай, у ўйиндан кўнгли тўлган.

6. 960 кмга пиёда юрмоқ

Велосипедда 2400 кмни ортда қолдириш, «Бавария» жамоасининг босниялик футбол мухлиси қилган ҳаракат олдида ип ҳам эша олмайди. У ўз уйидан «Альянц Арена» стадионигача салкам минг кмлик масофани пиёда босиб ўтишга журъат этган ва уддасидан чиққан мухлис ҳисобланади. Воҳид ўз сафари давомида бешта давлат: Босния ва Герцеговина, Хорватия, Словения, Австрия ва Германия ҳудудидан пиёда ўтган. 10-июнь куни Бугойнодаги уйидан йўлга чиққан Чехайя «Бавария» стадионига 22-июль куни етиб келган. У сафарини немис жамоаси либосида босиб ўтган. Ушбу саёҳатдан сўнг, 12,5 кг озишнинг ҳам уддасидан чиққан Чехайя уйига автобусда қайтишни маъқул кўрган.

7. Ўзини бемор қилиб кўрсатиш

Италиянинг «Наполи» жамоасига мухлислик қилувчи Жованни Маннини «Рома»га қарши ўйинга чипта ололмагач, ўйинга тушишнинг антиқа йўлини ўйлаб топди. Албатта, бунинг учун бироз тер тўкишига ва актёрлик маҳоратини намоён этишига мажбур бўлди. У юрак хуружига учраганини шунчалик жиддий кўрсата олдики, яқин орадаги тиббиёт маркази стадионда бўлгани учун шу ерга олиб келинди. Маннини эса, ўзини стадионда кўргач, ўрнидан туриб трибуна томон ошиқди. 

8. Ўзини футболчи сифатида кўрсатиш

Ва ниҳоят, рўйхатимизнинг сўнгги воқеаси Чемпионлар лигасининг 2000/01 йилги мавсумида юз берган эди. Ўшанда, «МЮ» жамоаси 11 киши эмас, балки 12 нафар футболчи билан майдонга тушганди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жамоа ўйинчилари 11 нафар бўлгани рост, аммо улар сафида футбол ишқибози Карл Пауэр ҳам қаердандир пайдо бўлиб қолганди. У, дастлаб тасвирга олиш жамоаси аъзоси сифатида стадионга кириб, сўнгра кийимини «МЮ» либосига алмаштиргач, майдонга тушишга журъат топа олган.