АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп америкаликларга "янги ва адолатли" савдо сиёсатини, ишчи ўринлар ҳимояси ва "ғирромлик" қилаётган мамлакатлар билан савдо урушларини ваъда қилди. Шунингдек у коллектив савдо келишувлари ўрнига индивидуал савдо келишувларини тузишни маълум қилди

"Мен ишчиларнинг келажагига бошқача нигоҳ билан қарайман. У ишчи ўринларни ҳимоя қилувчи ҳамда ғирром мамлакатлар билан курашувчи янги адолатли савдо сиёсатидан бошланади", - дея маълум қилди Трамп. "Мен ёмон савдо келишувларини яхшига алмаштираман", - деб ваъда берди у. 

Трампнинг сўзларига кўра, Клинтон Шимолий Америкадаги эркин савдога доир муваффақиятсиз келишувни ва Транс-Тинч океани савдо ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаган. Унинг фикрича, бу "ишлаб чиқаришни парчалайди" ва "Американи хорижий ҳукуматлар қарорларига бўйсунишга мажбур қилади".

"Мен ишчиларимизга зарар етказадиган битимларни ҳеч қачон имзоламасликка ваъда бераман. Бунинг ўрнига мен муайян мамлакатлар билан алоҳида битим тузаман", - деди Трамп. 

"Биз бундан буён ҳеч бир давлат охиргача ўқимайдиган ва тушунмайдиган минглаб саҳифадан иборат улкан битимларни тузмаймиз", - деди миллиардер. Шунингдек у бошқа мамлакатларнинг савдо келишувини солиқ ва тарифлар орқали бузиши билан курашишга бел боғлаганлигини билдирди.