Эрон ўзининг узоқ муддатли ядровий дастурига тааллуқли махфий ахборотнинг четга чиқиб кетиши сабабли Халқаро атом энергияси агентлигига (МАГАТЭ) норозилик билдирмоқчи. Бу ҳақда 24 июлда "Тасним" ахборот агентлигига Эрон атом энергияси ташкилоти вакили Бехруз Камолванди маълум қилди. 

"Тарқатилган ҳужжатнинг бир қисми махфий тусга эга эди ва биз бу махфийликнинг сақланиб қолинишига умид қилгандик", деб айтди Камолванди.

Ўз навбатида Эрон атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Салоҳий Эрон "МАГАТЭдан ядровий дастурнинг муддатини ошкор қилмасликни сўраганини" айтди. Бу ахборотдан ядровий келишувнинг бажарилишини назорат қилувчи қўшма комиссия аъзолари махфий тарзда хабардор қилинганди. "Бу маълумотни оммавий қилишга ҳеч қандай сабаб йўқ эди", деб таъкидлаб ўтди Салоҳий.

Аввалроқ Associated Press ахборот агентлиги Эрон билан ядровий келишувга тузилган махфий қўшимча баённомадаги маълумотларни тарқатганди. Теҳрон томонидан МАГАТЭга берилган бу ҳужжатга мувофиқ, Эрон келишувнинг тузилганидан 10 йил ўтгач, яна ўз ядровий дастурини кенгайтиришни истаганди, дастурнинг чекланиши ҳақидаги келишув эса расман 15 йилга тузилган. 

Ошкор қилинган ҳужжатга кўра, Эрон 2027 йил январиданоқ атом реакторларидаги центрифугаларни замонавийроғига алмаштиришни бошлай олади. Бу Эронга уранни бойитиши суръатларини икки марта оширишга имкон беради. Маълум қилинишича, AP ахборот агентлигига қўшимча келишув мазмуни ҳақида Теҳрон билан музокараларда иштирок этган дипломат маълум қилган.