Ливия ҳукумати Франция элчисини мамлакат ҳудудида француз ҳарбийлари борлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ сўраш учун чақиртирди. Бу ҳақда Ассошиэйтед Пресс агентлиги хабар тарқатди.

Агентлик манбаси маълумотига кўра, Франция элчиси, хавфсизлик зарурати туфайли қўшни Тунисда бўлиб турган Антуан Сиван яқин кунларда Ливия ҳукумати талабига кўра бу мамлакатга келади.

Ўтган ҳафтада Франция ҳукумати вакили  Стефан Ле Фоль махсус топшириқли француз ҳарбийлари Ливияда экани ҳақидаги хабарни тасдиқлаганди. У "Франция ҳарбийлари терроризмга қарши курашда иштирок этаётгани" ҳақида айтганди.

Кўп ўтмасдан, Франция мудофаа вазирлиги Ливияда ҳарбий вертолёт жангарилар томонидан уриб туширилиши оқибатида 3 нафар франциялик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди.