Германиянинг Ансбах шаҳри (Бавария федерал ери) марказидаги ресторанда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Sueddeutsche Zeitung нашри хабар берди. 

Газета маълумотларига кўра, портлаш оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, яна 11 киши яраланди. Reuters ахборот агентлиги маълум қилишича, шаҳар полициясида ушбу ҳодиса юз бергани тасдиқланди, бироқ қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида расмий маълумот берилмади. 

Воқеа сабаблари маълум қилинмаяпти, шунингдек. портлаш тасодиф бўлгани ёки атайлаб қилингани ҳам номаълум. Воқеа жойи полиция томонидан ўраб олинган. Ресторан яқинида уч кунлик мусиқа фестивали бўлаётган эди, у портлашдан кейин тўхтатилган.

Бавария ички ишлар вазири Иоахим Херман Берлиндан Нюрнбергга (Ансбахдан 40 км узоқликда жойлашган) учиб кетган.

22 июлда Мюнхендаги Olympia савдо марказида 18 ёшли Али Давид Сунбулий 9 кишини отиб ташлаганди ва кейин ўз жонига қасд қилганди. 24 июлда Ройтлинген шаҳрида суриялик  қочқин йўловчиларга узун пичоқ билан ташланиб, бир аёлни ўлдирган ва 2 кишини яралаган.