Ливия ИШИДга қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияга қўшилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 25 июлда Ливия миллий бирдамлиги ҳукумати раҳбари Фаёз ас-Саррож Мавританиядаги Араб давлатлари лигаси саммити очилишидаги нутқида айтиб ўтди.    

БМТ қўллаб-қувватловида яратилган ҳукумат тараф кучлар 2016 йил май ойидан Сиртда ИШИДга қарши операция олиб бормоқда. 

"Биз Ислом коалициясидаги ролимизни фаоллаштиришга ҳамда ИШИДгақарши халқаро коалицияга қўшилишга қарор қилдик", деб айтди ас-Саррож.

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция 2014 йилдан бери Ироқ ва Сурияда ҳаракат қилиб келади.

Араб давлатлари лигасининг 27-саммити 25 июлда Мавритания пойтахти – Нуакшотда очилди. "Умид саммити" деб аталган олий даражадаги учрашув лига тарихида энг кам давлат етакчилари ташриф буюрган саммитлардан бири бўлди – саммитга лигага аъзо 21 давлатдан бор-йўғи 7 та давлатнинггина етакчиси келди. Қолган давлатлар ҳукумат раҳбарлари, вице-президентлар ва ташқи ишлар вазирлари даражасида тақдим қилинган.