Япониянинг Сагамихара шаҳридаги имконияти чекланган кишилар истиқомат қилган пансионатда 19 кишини бўғизлаган қотил Сатоси Уэмацу ижтимоий тармоқда полицияга таслим бўлишидан олдин "Дунёда тинчлик бўлсин!", дея ёзган. Бу ҳақда NHK хабар тарқатди.

У 19 кишини ўлдириб, 25 кишини жароҳатлагач, твиттерига жилмайган ҳолатдаги суратини жойлаб, "Дунёда тинчлик бўлсин! Япония ажойиб", дея твит қолдирган.

У шу йилнинг февралида Япония парламентининг қуйи палатасига мактуб ёзиб, "ногиронларни эвтанзия қилиш ҳақида қонун" қабул қилишни талаб этганди. У ўшанда Учинчи жаҳон урушининг олдини олиш мақсадида 470 нафар ақли ноқис ва ногирон одамни ўлдиришга тайёр экани ҳақида ёзган.

Пансионатга ҳужум тунги икки яримда содир бўлган. Бу вақтда у ерда 8 ходим ва 1 соқчи бўлган. Шунингдек, бинода 18-75 ёшли 150 киши бўлгани айтилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Уэмаци муассасага қора автомобилда келиб, бино деразасини болға билан уриб синдирган ва бино ичига кирган. У ёнида 3та пичоқ солинган сумка билан келган. Автомобилдан эса қон излари бўлган скотч ва пластик кишанлар топилган.

Уэмацу бу муассасада 2012 йилнинг охиридан 2016 йил февралигача ишлаган, кейин "шахсий сабаб" туфайли ишдан ҳайдалган.

Анализлар кўрсатишича, у қотиллик вақтида марихуана таъсирида бўлган.

26 ёшли Сатоси Уэмацу ҳужумдан тахминан бир соат ўтиб ўзини полицияга топширган.

Бу фожиа Японияда ўтган асрнинг 30-йилларидан буён энг йирик оммавий қотиллик бўлди.