Ереванда патруль-пост хизмати полки биносини босиб олган қуролланган гуруҳ 25 июлда Chevrolet русумидаги полиция автобусини ёқиб юборди, деб хабар бермоқда Арманистон полицияси матбуот хизмати. 

"Патруль-пост хизмати полки ҳудудидаги қуролланган гуруҳ бир неча дақиқа аввал полиция хизмат автобусини ёқиб юборди. Бундан аввалги кун кечаси гуруҳ аъзолари полицияга қарашли "Газел"ни ёқиб юборгач, автомобиль шинасини кўчага олиб чиқиб, унга ўқлар солиб, яқин атрофдаги аҳолига хавф солган ҳолда уни ёқиб юборишган", дейилмоқда хабарда.  

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари гуруҳ аъзоларини фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига хавфли бўлган ҳаракатларни амалга оширмасликка ва вазиятни кескинлаштирмасликка чақирмоқда.

17 июлда қуролланган кимсалар гуруҳи патруль-пост полки ҳудудига бостириб кириб, у ердаги одамларни қўрқитиб ушлаб турган ва президентнинг истеъфога кетишини ҳамда радикал мухолиф "Янги Арманистон" фронти етакчиси Жирайра Сефиляннинг озод қилинишини талаб қилган. 

17 июлдан бери Еревандаги Мовсес Хоренаци кўчасида норозилик акцияси ўтмоқда. Унинг иштирокчилари полицияга қуролланган гуруҳга қарши махсус операцияни ўтказишга халақит қилиш мақсадида полиция қуршови олдида пикет уюштирмоқда.