1995 йилнинг 26 март куни кучга кирган Шенген Битими 1985 йилда Люксембургнинг Шенген шаҳрида 5 та давлат томонидан имзоланган эди. Ўшанда еттита мамлакат - Бельгия, Франция, Германия, Люксембург, Нидерландия, Португалия ва Испания ўртасида паспорт назорати бекор қилинган эди. 1997 йилда Шенген худудига Италия ва Австрия, 2000 йилда Греция, 2001 йилда эса Скандинавия паспорт Иттифоқига аъзо Дания, Финляндия, Швеция ҳамда Европа Иттифоқининг аъзолари бўлмаган Исландия ва Норвегия қўшилди.

2007 йилда яна 9 мамлакат — Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Мальта, Польша, Словакия ва Словения Шенген ҳудудининг аъзолари бўлди. Бу давлатларнинг ҳаммаси уч йил аввал Европа Иттифоқига кирган эди. Швейцария Шенген ҳудудига 2008 йилнинг 12 декабрь куни, Лихтенштейн эса 2011 йилнинг 19 декабрида кирди. Айни дамда Шенген ҳудуди 400 миллион аҳоли истиқомат қилади, унинг майдони 4 миллион 312 минг 99 квадрат километрни ташкил қилади. Ўтган 20 йил давомида Шенген ҳудудига 30 та давлат кирган бўлиб, амалда 26 та давлатда чегара назорати бекор қилинган. Бу Европада ҳужжатсиз юрса бўлади, дегани эмас. Ҳар бир мамлакатда божхоначилар, полиция ходимлари ва чегарачилар сиздан шахсингизни тасдиқловчи ва мазкур мамлакатда юриш учун рухсат берувчи ҳужжат талаб қилишлари мумкин.

Буюк Британия ва Ирландия Шенген Битимини имзолаган бўлишига қарамай, паспорт назоратини кучда қолдирган. Шу сабабли ҳам бу икки мамлакатга борувчилар, албатта, виза олишлари керак бўлади. Ҳозирча Европадаги Болгария, Руминия ва Кипр Шенген ҳудудига кирмайди. Айни дамда ҳудудга Болгария ва Руминия киришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу икки мамлакатнинг Шенген ҳудудига киришига Франция, Нидерландия ва Германия қаршилик кўрсатмоқда. Тахлилчилар ҳозирча Болгария ва  Руминиянинг Шенген ҳудудига кириш йўлида бирор бир силжишлар кўзга ташланмаётганини айтишмоқда. Бунга бу давлатларнинг коррупцияга қарши самарали кураш олиб бормаётгани сабаб сифатида кўрилмоқда. Шимолий Кипр билан боғлиқ муаммо туфайли Кипрнинг Шенген ҳудудига кириши номаълум муддатларга кечиктирилди.

Болгария, Руминия, Хорватия ва Кипр ўртасида “Мини-Шенген” битими амал қилади. Яъни, бу мамлакатлардан бирига виза олсангиз бўлди, қолган  уч давлатга бемалол бориш имкониятига эга бўласиз.

Шенген ҳудудига Европа Иттифоқининг аъзоси бўлмаган Исландия, Норвегия, Швейцария ва Лихтенштейн, шунингдек, Европадаги учта мини-давлат Монако, Сан-Марино ва Ватикан ҳам аъзо бўлиб кирган. Андорра билан ҳам ички чегара назорати йўқ. Шенген қоидасига кўра, аъзо мамлакатлар чегараларида назорат бекор қилинган.

Шенген битимига аъзо ҳар бир давлат маълум вақт, яъни миллий хавфсизлигига таҳдид туғулгудек бўлса, ундан чиқиб туриши мумкин. Айрим ҳолларда, яъни давлат ва ҳукумат раҳбарларининг саммитлари ва спорт мусобақалари давридагина Шенген ҳудудига аъзо мамлакатлар чегараларида маълум муддат чегара назорати ўрнатилиши мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, Шенген ҳудудига кирмоқчи бўлган давлатлар тўртта йўналишда синовдан ўтишлари керак бўлади. Яъни, ҳаво чегаралари, виза, ички ишлар вазирликларининг ҳамкорлиги ва маълумотларни муҳофаза қилиш масалалари Европа Иттифоқининг махсус экспертлари томонидан диққат билан ўрганиб чиқилади.

Шенген Битимига кўра, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар чегараларида божхона ва виза тўсиқлари олиб ташланади. Шенген Битимига кирган мамлакатлардан бирига виза олган хорижлик бу мамлакатларнинг хоҳлаганида эркин ҳаракатланиши мумкин.

Шенген Битими Франция ва Нидерландиянинг хориждаги ҳудудларига тааллуқли эмас. Дания қироллиги таркибига кирувчи  Гренландия ва Фарер оролларида ҳам Шенген Битими амал қилмайди. Бу ҳудудларга бориш учун махсус рухсатнома олишга тўғри келади. Норвегиянинг таркибий қисми бўлмиш халқаро мақомдаги Шпицберген архипелагига бориш учун ҳам биргина Шенген Битими етарли эмас. Испаниянинг Африка қитъасида жойлашган  Сеута ва Мелилья шаҳарларига Шенген визаси билан бориш мумкин, аммо қайтишда, албатта, полиция назоратидан ўтишга тўғри келади. Греция таркибидаги Муқаддас Афон тепалигида ҳам Шенген битими амал қилмайди. Минг йилдан бери давом этиб келаётган анъанага кўра Монахлар республикаси бўлмиш бу ерга фақат эркакларгина бориши мумкин. Бунинг учун  Афон расмийларидан махсус виза олишлари керак бўлади. Бу виза уч кунга берилади.

Шенген Битимини афзаллиги шундаки, Европадаги бирор бир мамлакатнинг қайсидир мамлакатда элчихонаси бўлмаса, бундан фожиа ясаш керак бўлмайди. Шенген Битимига аъзо мамлакат элчихоналаридан бирортаси сиз бормоқчи бўлган мамлакат манфаатларини бажариб туради. Масалан, ўзбекистонликлар Бельгияга бормоқчи бўлсалар, у ҳолда Франциянинг Тошкентдаги элчихонасига (консулхонасига) мурожаат қилишлари керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 10 миллион 500 минг квадрат километрни ташкил қилувчи Европада 48 та давлат мавжуд бўлиб, 830 миллион аҳоли истиқомат қилади. Асрлар давомида бўлиб ўтган урушлар, талон-тарожликлар натижасида “кўхна қитьа”нинг харитаси бир неча бор ўзгарди. Бу қитъада гоҳ цивилизация ва маданиятлар пайдо бўлди, гоҳ вайрон бўлди. Бугунги кунда шимолда Шимолий муз океани билан, шарқда Урал тоғлари билан, жанубда Босфор бўғози орқали Ўрта Ер ва Мармар денгизи, Африка билан, ғарбда Атлантика океани билан чегарадош Европа ҳамон сайёрамизнинг марказий ўринларидан бирини эгаллаб келмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов