2016 йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр билан музокаралар олиб борди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ИҲТ ТИВК) Тошкент шаҳрида бўладиган сессияси кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиорида ўз ифодасини топган Ўзбекистоннинг ИҲТ ТИВКдаги раислигининг устувор йўналишлари борасидаги қарашлари ва ёндашувларини юқори баҳолади.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан ва ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашиниг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 43-сессиясини муваффақиятли ўтказишдан манфаатдор эканликларини қайд этишди.