Покистон шимолидаги Хайбер-Пахтунхва ва Паджоб провинцияларидаги кучли жала ва сув тошқинлари сабаб 22 киши ҳалок бўлди ҳамда 60 киши жабрланди. Бу ҳақда Doon газетаси ёзмоқда.

Покистон метеорология департаменти директори Муҳаммад Ханифнинг маълум қилишича, яқин суткалар ичида ҳам кучли жала кузатилади. "Кучли ёмғир Панжоб, Хайбер-Пахтунхва,  Гилгит-Валтисан ва Кашмир сингари ҳудудларда сув тошқини ва кўчкилар келтириб чиқариши мумкин", - деди у.

Покистон йилнинг иккинчи ярмида бўладиган ёмғирлар мавсуми сабаб ҳар йили сув тошқинлари ва кўчкилардан азият чекади. 2010 йилда мамлакат тарихида кузатилган энг йирик кўламли сув тошқинларида 1,5 минг киши ҳалок бўлган, ўн минглаб киши бошпанасиз қолган, умумий ҳисобда эса 2 млн киши жабрланган эди.