«Ўзбектуризм» миллий компанияси Туркияга йўл олган Ўзбекистон фуқароларига ҳамда бу мамлакатга саёҳатларни амалга оширувчи туроператорларга мурожаат қилиб, ўз режаларида бу мамлакатда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазиятни ҳисобга олишни сўради.

«2016 йил 27 июль ҳолатига кўра, Туркия Республикасининг маълум ҳудудларида юқори даражадаги кескинлик сақланиб қолганини ҳисобга олганда, Туркияга саёҳатни хавфсиз деб бўлмайди. Шу муносабат билан, ушбу мамлакатдаги вазият барқарорлашмагунига қадар, Туркияга сафарларни амалга ошириш тавсия этилмайди», дейилган миллий компания хабарида.

Шунингдек, Туркия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан зарур эҳтиёт чораларига амал қилиш сўралган.