Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Абдил Сегизбаевга ва ИИВ бошлиғи Кашкар Жунушалиевга прокурор Эркин Курманалиевнинг машинаси портлатилиши бўйича жиддий текширув олиб бориш ҳамда жиноятчиларни топишни кўрсатма қилган. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати хабар тарқатди.

Бугун эрталаб Ўртасой қишлоғида (Бишкекдан 8 км масофада) Бош прокуратура ходимига тегишли автомобил портлатиб юборилди. Ҳодиса автомобиль эгаси унинг эшигини очган пайтда содир бўлган.

Жабрланувчи касалхонага ётқизилган, унинг ўнг қўли жароҳатланган.

Текширувлар давомида жабрланувчи  Бош прокуратуранинг ички тергов бўлимида катта прокурор лавозимида фаолият кўрсатувчи Эркин Курманалиев экани аниқланди.

Атамбаев шунингдек жабрланувчининг даволаниши учун харажатлар тўлаб берилишини таъминлаш вазифасини топширган.