Тошкент шаҳрида 29 июль куни Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари ўртасида “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш” лойиҳаси бўйича навбатдаги Алмашув ноталари имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Като Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, таълим йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Имзоланган навбатдаги ҳужжатга мувофиқ юртимиздан 15 талаба ўз мутахассислиги бўйича Япониянинг нуфузли университетлари магистратура босқичида таҳсил олиши учун қарийб тўрт миллион уч юз минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилади.

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлган бундай лойиҳалар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш баробарида, мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ва серқирра муносабатларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.