Америка Қўшма Штатлари давлат раҳбарлигига сайловлар роппа-роса юз кундан сўнг, 8 ноябрь куни бўлиб ўтади. Америкаликлар Демократик партиядан номзоди илгари сурилган Ҳиллари Клинтон ва унинг рақиби республикачи миллиардер Дональд Трампдан бирини танлаши лозим бўлади. Уларнинг иккиси ҳам ўз ватанлари келажаги борасида турлича ёндашув тарафдорлари эканини сайловолди кампаниясининг илк босқичида ошкор қилиб бўлишди

The Wall Street Journal газетасининг қайд этишича, асосий номзодларнинг иккиси ҳам "сайловчиларга давлатчилик борасида шунчалик кўп турли қарашларни тақдим этишмоқдаки, уларни бир-бирига зид дейиш тўғри бўлар эди". Шу муносабат билан, нашр уларнинг ички ва ташқи сиёсатга оид у ёки бу муаммога нисбатан фикрини жамлашга қарор қилган. 

"Трамп Россия билан янги альянс ташкил этиш ғоясини билдирган бўлса, Клинтон хоним, Москва билан муносабатларни мураккаб дея баҳолаган. У давлат котибаси лавозимидан кетиши арафасида президент Обамага ёзган меморандумида Россия билан алоқалар энг қуйи нуқтасига етганини таъкидлаганди".

Трамп Хитой билан муносабатлар борасида ҳам очиқ-ойдин қарашга эга бўлиб, "расмий Пекинни ўзининг сайловолди кампанияси бошидан бери танқид қилиб келади. Трампнинг фикрича, айнан Хитой АҚШнинг айниқса иқтисодиёт соҳасидаги асосий рақиби ҳисобланади", -деб ёзади The Wall Street Journal.

Миллиардер "Жанубий-Хитой денгизидаги америкалик ҳарбийлар сонини кўпайтиришини таъкидлайди". Бундан ташқари, у Америка интеллектуал мулкини ҳимоя қилиши ва Пекиннинг субсидиялар ҳисобига экспортни кучайтиришига қарши курашишини билдирганди. 

Ўз навбатида, Клинтон хоним "доимо Хитойни инсон ҳуқуқлари борасида танқид қилиш"и билан бирга, АҚШ ва ХХР ўртасида "ҳамкорликнинг ижобий алоқалари" шаклланганини таъкидлайди. 

Трамп, The Wall Street Journalнинг ёдга олишича, "ўз чегараларидан террорчиларнинг ўтишига қаршилик кўрсата олмаётган европалик етакчилар хусусида ўта салбий фикрларни билдирган эди".

У, Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқишини ижобий баҳолаб, Германия ва бошқа мамлакатлардан НАТО бюджетига кўпроқ маблағ ажратишни талаб қилмоқда. 

Ҳиллари Клинтон "Американинг Европадаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаши" борасида кўп гапирса ҳам, Европа мамлакатлари Яқин Шарқдан кириб келаётган террорчиларга қарши жиддийроқ чоралар кўриши лозим, деган фикрда. Британиянинг ЕИ таркибидан чиқишини хавфли деб билади. 

Терроризмга қарши кураш борасида, Трамп батафсил режасини ошкор қилмаган бўлса-да, ИШИД фойдаланаётган нефть конларининг кулини кўкка совуришига ваъда беришга улгурди.

ИШИДни мағлуб этиш учун, унинг сўзларига кўра, Яқин Шарққа 30 минг кишилик Америка армиясини сафарбар этиш кифоя қилади. 

Клинтон хоним, террорчиларга қарши курашда сунний мусулмонлар ва курдларга муҳим ўрин бериш фикрини ҳимоя қилади. Америка эса, ИШИД ҳудудларига ҳаво зарбалари беришни кучайтириши лозим. 

Ноқонуний муҳожирлик муаммоси борасида ҳам Трамп кескин фикрда. У, "Мексика билан чегара бўйлаб 1,6 минг кмга яқин девор қуришни илгари суради. Унинг фикрича, АҚШ хавфсизлигини таъкидлаш учун ҳам шундай қилиш керак. Деворни эса, АҚШ эмас, айнан Мексика молиялаштириши лозим".

Шу билан бирга, тадбиркор эркин савдо бўйича Шимолий Америка келишувини қайта кўриб чиқиш ниятида. Чунки, Мексика бундан жуда катта фойда кўрмоқда. 

Ҳиллари Клинтон, аксинча, муҳожирлик ислоҳотини илгари сураяпти. Бунинг натижасида, АҚШга кўчиб келган ноқонуний муҳожирлар Америка фуқароси бўлиши мумкин. Собиқ давлат котибаси Шимолий Америка эркин савдо битими борасида ижобий фикрларини билдирган бўлса-да, аммо сўнгги вақтларда бу масалада бирмунча эҳтиёткорроқ бўлмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, Трамп “ислом экстремизми” АҚШга таҳдид солади деб ҳисоблайди. Бу чақириққа нисбатан жиддий чоралар кўриш талаб этилади. дастлаб, у мусулмонларнинг мамлакатга киришига бутунлай тақиқ қўйиш ғоясини илгари сурган бўлса, эндиликда, тўлиқ тақиқ ҳақида гапирмай қўйган.

Клинтон эса, мусулмонларнинг Америкага киришини тақиқлаш, АҚШни Яқин шарқдаги иттифоқчиларидан маҳрум этади ва шу билан АҚШ манфаатларига зиён етказади, деган фикрда.  

"Трамп нуқтаи-назарига кўра, Америка иқтисодиёт заиф ва ўз имкониятларини намойиш эта олмаяпти. Америка ишчиларининг аҳволи эса тобора ёмонлашмоқда, -деб ёзади The Wall Street Journal. – Клинтон хоним фикрича, Оқ уйга президент Барак Обама келганидан бери, мамлакат иқтисодиётидаги вазият бирмунча яхшиланган, миллий автомобилсозлик саноати учун бу йил муваффақиятли йиллардан бири бўлган".

Умуман, The Wall Street Journalнинг уқтиришича, Клинтон ва Демократик партиянинг фаоллари сайловчиларни, Трамп "қўрқув ва таҳдидни намоён қилиши"га ишонтиришга уринмоқда. Аммо, деб ёзади газета, сайловчилар фикрини Клинтон борасида ўзгартириш мушкул вазифа. Чунки "Клинтон чорак асрдан бери катта сиёсат саҳнасидан тушмайди. Шунга кўра, унинг ҳақида сайловчиларнинг фикри шаклланиб бўлгани, Ҳиллари фойдаси ёки зарарига хизмат қилиши мумкин".

Reuters агентлиги ва Ipsos тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровларга кўра, ҳозирча, Клинтон рақибини 41 фоизга 35 фоиз нисбатда ортда қолдирмоқда.