— Битта болани ҳам эплолмайди бу! Ўчир болангнинг овозини, ер еткур! Хаҳ, келин бўлмай келисоп бўлгур!
— Ойижон, нима қилай, овутолмаяпман! Эҳтимол, бирор жойи оғриётгандир, — деди қўрқа-писа Мушарраф қайнонасига.
— Ўзинг касалванд бўлганингдан кейин, боланг ҳам касалванд бўлади-да! Бор, чиқ уйимдан. Жонгга ҳам тегиб кетдинг-ку! Йўқол! — дея қайнона уни қўлидан ушлаб судрай бошлади.
— Ойижон, ҳайдаманг. Уйдагиларга нима дейман ахир, — дея Мушарраф хўрланиб йиғлай бошлади.
— Ундай бўлса, сени кўчага ялонғоч қилиб, шармандаларча ҳайдайман. Ҳозирча шу ерда ўтира тур, — дея қайнона жаҳл билан келинининг хонасини қулфлади.

****      ****          ****      ****  

Мушарраф билан Барот севишиб турмуш қуришди. Мушарраф қайнонасининг хизматларини елиб-югуриб адо этишга ҳаракат қилди. Бироқ бу Шарофат холага ёқмади. Келинини писмиқликда, ўғлининг бошини айлантириб, тегиб олганликда айблаб, қилдан қийиқ ахтариб, уни камситишга тушди:
— Ҳой келин, манавиларни ким йиғиштиради? Тез-тез, чаққон-чаққон қимирласангиз-чи? Намунча ипирисқи бўлмасангиз! Хаҳ, оёқларингиз товуқникига ўхшамай ўлсин! Ўғлим ҳам худди қиз қуриб қолгандай шунга уйланди-я, сўтак. Кўз остимга олиб қўйганларим қанча эди-я. Орзуларимни бир пул қилди, ярамас бола.
Мушарраф қайнонасининг гапларини эшитмасликка олиб, юмушини давом эттириб кетаверди. Чунки турмуш ўртоғи онасининг феъл-атворини унга хўп тушунтирганди. Шунинг учун Мушарраф қайнонасига лом-мим демасди. Севгани учун ҳамма нарсага чидашга тайёр эди.
Секин-аста Мушарраф қайнонасининг ҳар кунги жаврашларига кўникди.

Бир куни қайнонасининг мана шундай бемаъни қарғашлари устига қайинсинглиси Ойгул келиб қолди. У янгасини беозор, одобли, ақлли эканлигини жуда яхши биларди. Шунинг учун онасидан ранжиб деди:

— Ассалому алайкум, ойижон, — дея онасини қучди у. — Намунча? Келинингиз арпангизни хом ўрдими? Нимага уни ёмонлайверасиз? Ахир у бечора сизга нима ёмонлик қилди? Қаранг, бечора, сизга бир оғиз гап қайтармаса, ҳамма ишларини билиб-билиб бажарса! Сизга яна нима керак? Ўзи қанақа келинни хоҳлайсиз?
— Сен аралашма менинг ишларимга. Ўз оилангнинг тинчини бил, — дея у ошхона томонга қараб бақирди. — Ҳой келин! Қайинсинглингиз келди. Тезроқ чой-пойингизни келтиринг. Имилламанг!
— Ойи, илтимос, шу бечорани мен келганда уришманг. Хижолат бўлиб кетаман.
— Мана шу шумоёқ уйимизга келин бўлиб тушганидан буён бу хонадондан файз-барака кўтарилди. Ўғлимнинг топганида ҳам барака йўқ. Бу индамас, писмиқ яккаю ёлғиз ўғилгинамни бош-кўзини айлантириб, тегиб олди. Энди менинг уйимга келиб, хўжайинчилик қиладими? Чучварани хом санабди. Акангнинг ҳам кўзи қаёқда экан билмадим. Танлаган қизига қара! На ҳусни бор, на ақли. Бўйини қара, бўйи. Нақ бир қарич-а. Бирор жойга олиб боришга ҳам уяламан. Келининг бор, деса дегулик эмас-да! Нимага мени тушунмайсан! Ёнаётан юрагимни баттар ёндирасан? Отангни куйдириб кетгани етмаганидек!
— Ойи, янгамни камситманг. Ахир у ҳам бировнинг дилбанди. Онаизори бу гапларингизни эшитса, хафа бўлади-я. Бир томондан энди унинг кўнглига ҳам қаранг-да. Ахир янгам ҳомиладор. Отамнинг эса умри қисқа экан. Илоё, жойлари жаннатда бўлсин.
— Кўнглига қўтир жомашов! Тушундингми? Менга ўргатма! Келин меники. Нима десам ҳам ҳақим бор. Мен ҳам келин бўлганман, тандир-тандир нонлар ёпганман. Далага чиқиб, пахталар терганман. Ҳеч қачон қайнонам мени авайламаган. Янганг нимани қойиллатиб қўйибди? Оғзи овқат ейишдан бўшамайди. Қачон қарасанг кавшангани-кавшанган.
— Ахир ҳомиладор бўлганидан кейин энди икки кишининг овқатини ейди-да. Сиз у шўрликни тинчгина овқатланишига ҳам қўймаётгандирсиз.
— Ўчир овозингни! Ўзингнинг иззатингни бил. Кўп мени жағимни очма.
Ойгул ойисига гап уқдириш бефойдалигини тушуниб етгач, индамай қўя қолди. Бу пайтда янгаси хонтахта устига патносда нон, чой, қанд-қурс келтириб қўйди-да, қайнсинглиси билан ҳол-аҳвол сўрашиб, ўз юмушлари билан овора бўлди.
Ойгул ойисини чалғитиш мақсадида гап мавзусини қўни-қўшнилардан, маҳалладаги янгиликларга бурди. Улар анча суҳбатлашиб ўтиришди. Кейин Ойгул кетишга чоғланди. Шунинг учун янгасининг хонасига кириб унга юзланди:
— Янгажон. Ойимнинг аҳволини кўриб турибсиз Шунинг учун уларнинг гапларини кўнглингизга олманг. Ўзингизни авайланг. Ойим ҳар нарса деяверади. Асло сиқилманг. Омон-эсон қутулиб олсангиз, зора неварасини қўлига олгач, меҳр уйғонса.
— Сиз сираям хижолат бўлманг. Ойимдан хафа эмасман. Ҳар доимги хархашалари, инжиқликлари. Энг муҳими, менинг ёнимда тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган меҳрибон, оқ кўнгил акангиз бор. Шуни ўзи етади.
— Эркак киши даланинг одами. У ҳар доим ҳам ёнингизда бўлавермайди. Шунинг учун ўзингизни, бўлажак жиянимни авайлаб-асранг.
— Хўп бўлади. Фақат сиз мен учун ойингиз билан жанжаллашманг. Қачонлардир ойингиз ҳам мени тушуниб қолар, дея умид қиламан.
— Бўпти, янгажон, яхши ўтиринглар. Акамга салом деб қўйинг. Мен уйга борақолай. Бирровга киргандим, — дея Ойгул янгаси билан хайрлашиб, ҳовлига чиқди.

Онаси билан ҳам хайрлашиб, ортига қарай-қарай уйига равона бўлди. Онасига гап уқтиролмаганидан ўкинди.
Шарофат холанинг келинига нисбатан зуғуми ошса ошдики, камаймади. Итда тиним бор, қушда тиним бор, аммо Мушаррафда тиним бўлмади. Қайнона иложи борича унга йўқ жойдан ҳам иш топиб, бир зум бўлсада тинчлик бермади. Бечора Мушарраф кечга томон худди биров калтаклагандай тўшакка зўрға чўзилди. Эрталаб эса ҳар доимгидек қайнонасининг камситишларини эшитиш билан бу ҳовлида ҳаёт қайнарди.

Орадан ойлар ўтиб, унинг туғруқ даври ҳам яқинлашди. Бироқ Шарофат хола атайлабдан унга оғир юмушларни ҳам буюраверди. Бир куни у ҳовлида белини ушлаганича йиқилди. Яхшиямки ўша куни уйда унинг турмуш ўртоғи Барот ҳам бор эди. Дарҳол “Тез ёрдам” чақиртирди. Мушаррафни туман шифохонасининг туғуруқ бўлимига олиб кетишди. Ниҳоят улар интиқиб кутилган фарзанд ҳам дунёга келди. Қиз экан. Унга Зарифа дея исм қўйишди. Бироқ Мушаррафнинг аҳволи ҳам, чақалоқнинг аҳволи ҳам яхши эмасди. Шунинг учун она–болалар бир ойча шифохонада ётиб даволанишди. Мушарраф қайнонасидан чўчиганидан ҳомиладорлик вақтида тузук-қуруқ овқатланмасдан камқонлик касаллигига дучор бўлганди. Шифокорлар уни ҳам қайнонасини ҳам огоҳлантиришди. Шифохонада ётиб даволанишга қайнона рухсат бермади. Шунинг учун қизалоқ ҳам худди шу касаллик билан туғилди.

Бир куни унинг ортидан шифохонага борган қайнона яна шанғиллай кетди:
— Ҳадеб, оёғингни кўтариб ётаверасанми? Ҳар куни сенинг олдингга келишга мени вақтим борми? Нима бало, сил касалмисан?
Палатадошлари олдида уялиб кетган келин унсиз йиғлашга тушди.
— Йиғлаб мени енгаман, деб ўйлама! Энди келмайман! Меҳрибон онажонинг хабар олсин! — дея Шарофат хола эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Мушарраф бечора бўлса бор аламини йиғидан олди. Худди шу пайт Мушаррафнинг онаси Сожида хола келиб қолди. Нима гаплигини билгач, қудасига инсоф тилаб, қизини овутди. Аммо қудахоладан қаттиқ ранжиди.
Мушарраф турмуш ўртоғи келганида ҳам онасининг айтган гапларини айтмади. Чунки уни ҳам сиқилишини истамади.
Эртаси куни ўғлининг қистови билан Шарофат хола келинини кўргани келиб деди:
— Ҳа, келин, тузукмисан? Ҳалиям осмонга қараб ётибсанми? Бетимнинг қаттиғи, жонимнинг ҳузури деб. Бўлди-да энди, шунча ётганинг. Уйдаги юмушлар кутиб қолди. Юр, энди.
Мушарраф қайнонасига бир сўз демасдан пиқиллаб йиғлашга тушди.
— Ҳадеб пиқиллайверма. Дўхтирингга айт-да, тезроқ уйга қайт! — дея қайнона келинига бошдан-оёқ разм солди-да, хумрайганича хонадан чиқиб кетди.
Ўша куни Сожида хола ҳам қизини кўргани борганди Мушарраф онасига ёлвора бошлади:
— Жон ойижон, дўхтир билан гаплашиб, мени бу ердан олиб кетинг. Сиқилиб кетдим.
Онаизор дарҳол палата шифокори билан гаплашиб, қолган даволаш муолажаларини уйда олиш шарти билан Мушаррафни ва қизалоғини у ердан олиб чиқди.
Сожида хола бу ҳақда қудасини ҳам хабардор қилди. Аммо қаҳри қаттиқ қуда неварасини ва келинини бир бор кўргани ҳам келмади. Сожида хола қизини ва неварасини икки ой ўзи парвариш қилди. 

Бу орада куёви Барот улардан тез-тез хабар олиб турди.

Қизи соғайгач, Сожида хола уни ва неварасини олиб қудасиникига борди.

Шарофат хола уларни хушламайгина кутиб олди. Мушарраф хонасига кириб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Кейин онасини имлаб чақирди. Сожида хола ҳам қизининг хонасига кириб, у ердаги кўрпа-тўшаклару, қизининг жавонидаги куйлаклари йўқлигини кўриб жаҳли чиқди.

— Ҳой қудажон, бу нима аҳвол. Илтимос, қизимнинг нарсаларини қайтаринг. Бу нима қилганингиз ахир?
— Менга уйда ўтириб, келинлик вазифаларини бажарадиган келин керак. Касал келин керакмас! Қизингиз шукур қилиб яшайверсин. Мендан ҳеч нарсани талаб қилманглар!

Сожида хола оғир-босиқлик билан қудани муросага чақирди. Яхшиямки ўша куни Ойгул келиб қолди-да, бу вазиятни юмшатиб, янгасининг кўрпа-тўшакларини ва кийимларини онасидан олиб берди.

Энди бу ҳовлида яшаш Мушаррафга оғир кечди. Қайнона ҳар бир гапида уни касаллигини пеш қилиб, гап билан чақиб-чақиб оларди. 
Бир куни Мушарраф уйига йиғлаб борди. Бу гал қайнонаси унинг кийимларини олиб қўйиб, ҳақорат қилибди. Онаси яна қудасига Яратгандан инсоф сўраб, қизини уйида олиб қолди. 

Мушарраф бир ҳафта онасиникида яшади. Аммо чиққан қиз чиғириқдан ташқари деганларидек, бу ерга ҳам сиғмади. Шунинг учун боласини кўтариб қайнонасиникига йўл олди.

Тоқати-тоқ бўлган Шарофат хола эса энди келинини баттар гап-сўзлар билан эза бошлади. 
Бир куни қайинсинглиси Ойгул онасиникига келди. Янгасининг хамир қоришга ҳоли бўлмаётганини кўриб, ўзи енг шимариб хамир қоришга киришиб кетди.

Буни кўрган Шарофат хола тутоқди.
— Бу уйда ким келин ўзи? Қизим сенга малайми? Хамирни ўзинг қор! Битта нонни қилолмасанг, нима керагинг бор ўзи? Сил касал бўлсанг, айт, тезроқ жавобингни берворайлик!
— Ойи, бўлди-да энди, — деди Ойгул.
Шу пайт ичкаридан неварасининг йиғлагани эшитилди. Шарофат хола яна заҳрини келинига сочди:
— Ўл-а, битта болани ҳам эплолмасанг! Туғиб нима қилардинг! Уф, болангдан ҳам, ўзингдан ҳам безор бўлдим. Ўчир, болангнинг овозини!
Мушарраф боласига қўшилиб ўзи ҳам хўрланиб йиғларди.
Энди ҳар кунги жанжалларга ҳам, ҳақоратларга ҳам чидаб яшай бошлади.
Бироқ, бир куни Мушарраф оёқ яланг онасиникига кириб келди.
— Вой ўлмасам! Нима бўлди, болам, тинчликми? — дея уни бағрига босди Сожида хола.
— Қайнонам, болам йиғлагани учун, уни овутолмаганим учун урди. Касалманд келин керакмас менга, дея бақирди. Мени ялонғоч ҳолда ҳайдамоқчи бўлиб, хонамга қамаб қўйди. Деразамизни бир амаллаб очиб, қочиб келдим. Онажон, бу ҳаётдан тўйиб кетдим. Қайнонамнинг бу қилиқларига қачонгача чидайман ахир! — дея Мушарраф ўксиниб-ўксиниб йиғлади.

У онасиникида уч кун телбаларча юрди. Сўнг ошхонага кирди-да  ўчоқ ёнида турган соляркани ўзига сепди ва гугурт чақди. Бир зумда аёл гулханга айланди.
“Тез ёрдам” машинаси дунёни бузгудек бўлиб чинқириб уни олиб кетди. Афсуски, унинг жонини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Мушарраф қайнонаси зулмидан ўзига гулхандан макон ясади.

Мушаррафнинг ўлимидан сўнг, қайнонаси Шарофат хола жиноий жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум этилди.

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист.