Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Унда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Мажлисда “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ва “Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишдан тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллаш масалалари тўғрисида”ги Олий суд пленуми қарорлари муҳокама этилди.

Пленум қарорида алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланишини назарда тутиб, судларга бу қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Олий суд Пленуми йиғилишида иштирокчилар томонидан “Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишдан тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллаш масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.

Олий суд Пленуми йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган Пленум қарори лойиҳалари амалдаги қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантириш, бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини янада оширишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев иштирок этди.