2016 йилнинг 29 июль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига(IUT) 2016-2017-ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтиҳонларда 1,4 мингдан ортиқ абитуриентлар иштирок этишди. Бу ҳақда Университет матбуот хизмати хабар бермоқда.

IUTга ҳужжатларни қабул қилиш 2016 йилнинг 2 майидан 14 июлига қадар давом этди. Абитуриентлар ҳужжатларини онлайн режимида ёки университет биносига келиб топширишлари мумкин эди.

Мазкур вақт оралиғида IUTга 1432 нафар абитуриентлар ўз ҳужжатларини топширди, бу эса ўтган йилга нисбанат 1,8 маротаба кўп. Уларнинг 940 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши бўйича ўқиш истагини билдиришган бўлса, 492 нафар абитуриентлар эса «Логистика» йўналишини танлашди.
2016-2017-ўқув йилида IUT 330 нафар талабани қабул қилишни режалаштирган бўлиб, уларнинг 250 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишига ҳамда 80 нафари «Логистика» йўналишига қабул қилинади.

Шуларни инобатга олган ҳолда «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишида бир ўринга 3,76 нафар абитуриент ҳамда «Логистика» йўналишида бир ўринга 6,15 нафар абитуриент, умумий эса бир ўринга 4,3 абитуриент тўғри келди.

Ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентларнинг умумий сони атиги 800 нафарни ташкил этган бўлиб, талабалар учун ажратилган квота 250 нафардан иборат эди. Бу эса ўртача бир ўринга 3,2 нафар номзод тўғри келганлигини кўрсатади.

IUTга кириш имтиҳонлари ўтган 2015 йилдаги каби Тошкентдаги «Ўзкўргазмасавдо» АЖ биносида бўлиб ўтди.

Имтиҳонлар «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши ҳамда «Логистика» йўналиши абитуриентлари учун алоҳида-алоҳида ўтказилди. Абитуриентлар уч гуруҳга ажратилган эди.

Барча имтиҳон саволлари Корея Республикасидаги Инҳа университети профессорлари томонидан тайёрланган бўлиб, саволномалар Корея Республикасидан ёпиқ конвертларда келтирилди ва улар бевосита имтиҳон олинаётган залда кореялик экспертлар томонидан очилди ҳамда абитуриентларга тарқатилди. Имтиҳонлар якунланиши билан абитуриентларнинг жавоблари ўрин олган барча саволномаларни кореялик мутахассислар йиғиб олишди ва баҳолаш учун ўзлари билан Корея Республикасига олиб кетишди.

Бу йил кириш имтиҳонлари жараёнларини бевосита кузатишлари учун оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди ва улар учун тўлиқ имконият яратилди. Бу эса ўтказилаётган имтиҳонларнинг шаффофлиги ҳамда очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, исталган одам IUT кириш имтиҳонларини live.inha.uz саҳифаси орқали кузатиш имкониятига эга бўлди. Ўзбекистонда илк бор амалга оширилган мазкур лойиҳа “East Telecom” ва “Real Solutions” компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилди. “East Telecom” компанияси лойиҳани амалга ошириш учун интернет каналини тақдим этган бўлса, “Real Solutions” компанияси видео стримингни ташкил этишда кўмак берди.

IUTнинг Тайёрлов курси имтиҳонлари натижаларига кўра 45 нафар битирувчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабалари сафидан ўрин олишди. Уларнинг 32 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишига ҳамда 13 нафари «Логистика» йўналишига ўқишга қабул қилиндилар. Шунингдек, улар грант ўринларини эгаллаш учун кириш имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга эдилар.

«Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши бўйича таълим олишни истаган абитуриентлар математика ва физика фанларидан, «Логистика» йўналишида ўқимоқчи бўлган абитуриентлар эса математика фанидан имтиҳон топширишди.

Имтиҳон натижалари 2016 йилнинг 12 август куни эълон қилинади.