Жанубий Корея КХДРга нисбатан навбатдаги айбловини эълон қилди. Мамлакат прокуратурасининг таъкидлашича, шимолий кореялик хакерлар республика ҳукумати мулозимларига хакерлик ҳужумларини амалга оширган. 

Терговчилар, 2016 йилнинг биринчи ярмида Жанубий Корея ҳукуматининг 90га яқин аъзоси, КХДР томонидан амалга оширилган киберҳужумдан жабр кўрганини қайд этишган. Ғаразгўйларнинг ҳаракатлари туфайли 56 кишининг пароллари бузилган, деб хабар қилмоқда Ёнхап агентлиги.

Эълон қилинган рўйхатга кўра, шимоллик хакерлар Жанубий Кореянинг ташқи ишлар, мудофаа ҳамда миллий бирлашиш вазирликлари мулозимларининг электрон ёзишмаларини қўлга киритган. Ҳужумларни амалга ошириш учун Жанубий Кореядаги бепул платформаларда ташкил этилган 27 та фишинг сайтларидан фойдаланилган.