Арманистон ҳуқуқ-тартибот органлари «Сасна црер» қуролли гуруҳи томонидан 17 июль куни Еревандаги полиция патруль-пости полки биноси қўлга олинганидан сўнг мамлакат бўйлаб қурол-яроғ сотувини ўз қўлига олди, муаяйн турдаги қуроллар сотилиши тақиқланган.

«Қурол-яроғ сотуви полиция назорати остида. Муайян бир турдаги қуролларнинг сотилиши тақиқланди. Чекловлар қўйилиши давом этмоқда», – дея ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси Ашот Агаронянга асосланган ҳолда хабар тарқатган РИА Новости агентлиги.

Манбанинг қайд этишича, қуролни сақлашга ҳуқуқи бўлган шахслар ҳамда Овчилар иттифоқи вакиллари билан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Бундан олдинроқ маҳаллий нашрларнинг хабарларида Арманистонда қурол-яроғ савдоси тақиқлангани айтилганди.

Аниқ маълумот олиш учун журналистлар одатий харидор каби қурол дўконларига боришган. Қурол сотувчилардан бири Арманистонда фақат пневматик қуроллар сотилишига рухсат мавжудлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 17 июль куни қуролланган шахслар гуруҳи Еревандаги полиция патруль-пости полки биносини қўлга олиб, Арманистон президенти Серж Саргсян ва мамлакат ҳукумати истеъфосини талаб қилганди. Уларнинг яна бир талаби мухолифатчилар етакчиси Жирайра Сефилянни озод этиш эди.

Ҳужум вақтида 1 полициячи ҳалок бўлди, 6 киши жароҳатланди.

Одамларни 2 ҳафта давомида гаровда тутиб турган бу қуролли гуруҳнинг 20 нафар вакили 31 июль куни қуролларини топшириб, ҳукуматга таслим бўлди.