Шимолий Корея 2 август куни яна бир бор баллистик ракета учирди. «Ёнхап» агентлиги хабар беришича, бу ракета Япон денгизи йўналишида учирилган.

Жанубий Кореянинг Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси вакили маълумотига кўра, ракетани учириш маросими Хванхэ-Намдо провинцияси ҳудудида маҳаллий вақт билан соат 07:50да (Тошкент вақти билан соат 3:50) ўтказилган.

19 июль куни КХДР учта баллистик ракета учирганди. Парвозлар Хванхэ-Пукто амалга оширилган. Ўшанда Scud туридаги ракеталар учирилган, улар Япон денгизи томонга 500—600 километргача учиб борган.

Ундан олдинроқ, 9 июль куни КХДР Япон денгизи акваториясида Корея ярим оролидан шарқда турган сув ости кемасидан баллистик ракета учирган эди.

Корея Республикаси Миллий мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бугунгача, 2011 йилдан буён, яъни Ким Чен Ин ҳукумат бошқарувига келгандан сўнг КХДР 32та баллистик ракета учирди. 

Жанубий кореялик ҳарбийларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу ракета учиришлар учун КХДР бюджетидан тахминан 97 миллион доллар сарфланган.

Шимолликларнинг ракета учиришлари фақатгина қўшни давлатларни ташвишга солмасдан, халқаро миқёсда муҳокамаларга сабаб бўлиб келади. Қолаверса, йил бошида КХДР водород бомбаси синовини муваффақият билан амалга оширгани ҳақида маълум қилганди.

Шимолликларнинг ҳаракатларига жавобан БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкцияларни кучайтирган.