Лондон кўчаларида 3 август кунидан бошлаб қуролланган полиция ходимлари кўпаяди. Бу ҳақида Лондон мэри Содиқ Хон ва шаҳар полициясининг бошлиғи сэр Бернард Хоган-Хоу маълум қилишди

Европада тез-тез экстремистлар ҳужумлари амалга оширилаётгани учун шаҳар ҳокимияти шундай чора кўришга мажбур бўлди. 

“Германия, Бельгия, Францияга кетма-кет ҳужумлар уюштирилди, бизнинг бу далилларни инкор қилишимиз ақлсизлик бўлар эди. Шу боис кўчаларда таҳдидга муносиб жавоб қайтара олувчи қуролли полициячиларнинг бўлиши жуда муҳим”, - дея маълум қилди Хоган-Хоу. 

Унинг сўзларига кўра, қуролланган полициячилар шаҳарнинг баъзи туманларини кеча-ю кундуз қўриқлашади. Бу биринчи навбатда, сайёҳлик обидалари ва одамлар кўп тўпланадиган жойларга тегишли. 

“Лондонликлар полиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари уларнинг осойишталигини таъминлаш учун ҳар томонлама ҳаракат қилишаётганига ишонч ҳосил қилишлари керак”, - дея маълум қилди Лондон мэри Содиқ Хон. 

Бундан аввал кўчалардаги қуролланган полициячилар сонини 600 кишига кўпайтириш режаси ҳақида хабар қилинганди.