3 августда Ўзбекистонга  Япония бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ ва япон маданияти ва санъати намояндаларидан иборат делегация етиб келди. Ташрифдан мақсад икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат, деб маълум қилди ЎзА. 

Тошкент халқаро аэропортида Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кутиб олди.

 Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар Президентимизнинг 2002 йил июль ойида Японияга расмий ташрифи чоғида имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида барқарор ривожланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил февраль ойида Японияга ҳамда Япония Бош вазирининг 2015 йил октябрда Ўзбекистонга расмий ташрифлари ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтарди.

 Токиода буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилгани, Тошкентда Япон боғи ташкил этилгани, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги халқаро маданият карвонсаройига япониялик олим ва мусаввир Икуо Хираяма номи берилгани халқларимизнинг маданий яқинлиги ифодасидир. 

 Делегациянинг ташрифи давомида Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган япон аскарлари дафн этилган хотира мажмуасини зиёрат қилиш, Ўзбекистон Амалий санъат музейи билан танишиш, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида Япониянинг «Драм Тао» ижодий жамоасининг концерт дастури намойиш этилиши белгиланган.