Афсонавий хоккейчи Уэйн Гретцкининг 18 ёшлиги тасвири туширилган 1979 йилги карточка ким ошди савдосида 465 минг долларга сотилди. Бу ҳақда ESPN хабар бермоқда.

1979/80 йилги мавсумда чиқарилган O-Pee-Chee карточкаси машҳур Goldin Auctions интернет-аукционида 4 август куни сотувга қўйилган. Савдо коллекциячиларнинг миллий спорт форуми доирасида АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида бўлиб ўтган. Хоккей карточкаси билан боғлиқ олдинги рекорд 2011 йилда ўрнатилган эди. Ўшанда карточка 94 минг 163 долларга сотилган. Унда ҳам Гретцкининг худди шу сериядаги карточкаси харид қилинган.

Карточка Миллий хоккей лигасининг 1979/80 йиллардаги мавсумида чиқарилган. Айнан мана шу мавсум Гретцки учун дебют бўлган: унинг “Эдмонтон Ойлерз" жамоаси Жаҳон хоккей ассоциациясига кирган, ёш хоккейчи 1978/79 йиллар чемпионатида 104 очко тўплашга муваффақ бўлган.

Гретцки "Эдмонтон Ойлерз" таркибида тўрт марта (1984, 1985, 1987, 1988 йилларда) Стэнли Кубогини қўлга киритган. У миллий терма жамоа таркибида Канада Кубоги (1984, 1987, 1991 йиллар) соҳиби бўлган. Канадалик МХЛ тарихида энг яхши “снайпер” бўлган: у 1487 ўйинда 2857 очко тўплаган (894 шайба ва 1963 узатма).