Украина Олий радаси депутати Надежда Савченко мамлакат шарқидаги аксил террористик амалиёт (АТА)га барҳам беришга чақирди. У, «Эспрессо» телеканали эфирида шундай баёнот берган

«Ҳарбий ҳолат жорий қилиш керак, деган ғоя жуда ҳам хавфлидир. Биз АТА деб аталган тартибсизликни, имкон қадар тезроқ, урушсиз якунлашимиз керак», — деган депутат.

Савченконинг таъкидлашича, Украинада икки йилдан бери АТА эмас, балки ҳақиқий уруш давом этмоқда. «Бизда уруш бўлаётгани аниқ. Буни икки йил аввал, Қрим жараёнида тан олиш керак эди», — деб қайд этган Надежда. 

Собиқ ҳарбий хизматчининг айтишича, гарчи Донбассдаги исёнчиларни уруш учун кечира олмаса ҳам, у ҳеч қачон уларга нисбатан аламини сақламаган. 

3-август куни Олий раданинг «Халқ фронт»и депутати Андрей Тетерук,  «Батькивщина» аъзоси Надежда Савченкони «путинчи лоббист» деб атаган эди. Унинг таъкидлашича, Савченконинг баёнотлари Россия ҳукуматининг Украина шарқидаги можарога нисбатан қарашига мос келади. Хусусан, Донбасс етакчилари билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга чақириқлар ва Киев сиёсати мамлакатни парчалаб юбораётгани тўғрисидаги фикрлар шулар жумласидан. 

Аввалроқ, Олий раданинг Радикал партияси фракцияси раҳбари Олег Ляшко, Савченкони Россия ҳукумати билан келишиб олганликда айблаган эди.