БМТ Бош Ассамблеясининг 1994 йил 23 декабрда қабул  қилган (№ 49/214) резолюцияга кўра, 10 йил мобайнида ҳар йили 9 августда Жаҳон туб халқлари Халқаро куни (International Day of the World’s Indigenous) нишонланиши белгиланди. Орадан 10 йил ўтиб, яъни 2004 йил 20 декабрда Бош Ассамблея яна бир (№ 59/174) резолюция қабул қилди. Унда жаҳон туб халқлари Халқаро кунини нишонлаш борасида иккинчи ўн йиллик жорий этилди. Иккинчи ўн йиллик “Ҳаракатлар ва қадриятлар ўн йиллиги” шиори остида ўтказилди. Бош Ассамблея БМТ Бош котибига мурожаат қилиб, ҳукуматлар бу кунни миллий миқёсда ўтказиш лозимлиги тавсия қилинди.

Бу кун ҳар йили бирор-бир шиор остида нишонланади. Ўтган йили  “2015 йилдан кейинги кун тартиби: туб халқларнинг соғлиғи ва фаровонлигини таъминлаш” шиори остида ўтказилган эди. 2014 йилги шиор эса “Тарқоқликни бартараф этиш: туб халқлар ҳуқуқларини таъминлаш” эди. Бу йилги мавзу “Туб халқларнинг таълим олиш ҳуқуқи”, деб номланади. Шуни таъкидлаб ўтиш керак-ки, туб халқларнинг таълим олиш ҳуқуқлари БМТнинг туб халқлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларацияда ҳимоя қилинган. Ҳужжатнинг 14-моддасида туб халқлар ўзларининг таълим тизимлари ва ўқув муассасаларини ташкил қилиш ва назорат қилиш, она тилларида таълим олиш ҳуқуқига эга эканликлари белгилаб қўйилган. Туб халқлар вакилларининг таълим олиш ҳуқуқи бошқа халқаро ҳужжатларда ҳам  кафолатланган.

Бироқ шунга қарамай айрим мамлакатларда туб халқларнинг таълим олиш ҳуқуқи тўла маънода таъминланмаган. Таълим туб халқлар ҳуқуқларини таъминланишида муҳим аҳамият касб этади. Чунки, айнан таълим орқали улар ўз маданиятлари, тил ва билимларини сақлаб қолишлари мумкин. Шу сабабли ҳам халқаро ҳамжамият туб халқларнинг таълим олишига катта аҳамият қаратиб келади. 

Туб халқ вакиллари деганда кимлар тушинилади? 

БМТнинг Камситишларнинг олдини олиш ва Камчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссиясининг Махсус Ҳисоботида “босқинчилар эгаллаб олгунга қадар тарихий ҳудудларида истиқомат қилган аҳоли вакиллари туб халқ” деб айтилиши таъкидланади. Бугунги кунда дунёда 300-500 миллион атрофида туб халқ вакили истиқомат қилади. Туб халқларни ер юзининг барча ҳудудларида учратиш мумкин. Уларнинг рўйхатига Узоқ Шарқдаги эвенки, Шимолий Америкадаги эскимос ва алеутларни,  Скандинавиядаги саамларни, Янги Зеландиядаги маориларни, Америка ҳиндуларини киритиш мумкин. Америкада ҳиндулар “туб америкаликлар” дейилади.  Айрим мамлакатларда туб халқлар мамлакат аҳолисининг катта қисмини ташкил қилса, бошқа мамлакатларда озчиликдан иборат. Шу сабабли ҳам туб халқ вакиллари ўз ерларини, тилларини, маданиятларни, анъанавий турмуш тарзларини сақлаб қолишга интилиб келади. Туб халқлар бой маданий хилма-хилликни сақловчилардир. “Туб халқлар” ибораси халқаро-ҳуқуқий муомалага киритилган ва БМТнинг бир қатор ҳужжатларида ўз аксини топган. “Аборигенлар”, “автохтонлар”, “туземликлар” “туб аҳоли” каби атамалар ҳам бўлиб, аммо бу иборалар ҳуқуқий ҳужжатларда ишлатилмайди.

Маълумки, туб халқлар мунтазам адолатсизликлар билан тўқнашиб келади. Бир вақтлар уларни босқинчилар ўлдиришган, калтаклашган, ҳақоратлашган, камситишган. Кўп ҳолларда туб халқ вакиллари геноцид қурбонига айланган. Таҳлилчиларнинг фикрича, туб халқлар жисмонан йўқ қилинмаган тақдирда ҳам, уларнинг тили ва маданияти йўқолиб кетиш таҳдиди билан тўқнаш келди. 15-асрда бошланиб 20-асргача давом этган босқинчилик юришлари туфайли туб халқлар йўқолиб кетиш ёқасига келиб қолди. БМТ бош Ассамблеяси томонидан 2007 йил 13 сентябрида қабул қилинган резолюцияда (№61/295) таъкидланганидек, туб халқлар тарихий адолатсизлик қурбонига айланишди. Бугунги кунда ҳам туб халқлар бир қатор муаммолар ва таҳдидлар билан тўқнаш келмоқда. Айрим мамлакатларда улар ривожланишнинг энг қуйи поғонасида туради. Туб халқларнинг вакиллари саводсизлик ва ишсизлик бўйича энг пастки ўринларда туриши сир эмас. Бир қатор мамлакатларда ҳукуматлар туб халқларнинг ҳуқуқларини инкор қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Аввалига туб халқларнинг ҳуқуқларини асосан экологик ташкилотлар ҳимоя қилган бўлса, 70-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, туб халқларнинг ўзлари миллий ва халқаро миқёсда ўз ҳуқуқларини талаб қила бошлашди. 

2000 йилда БМТнинг ихтисослашган олтита органидан бири бўлмиш Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш бир қатор муаммоларни ҳал қилиш мақсадида туб халқлар масалалари билан шуғулланувчи БМТнинг Доимий Форумини жорий қилди. Бу  Форум туб халқ вакилларидан иборат 8 нафар экспертдан иборат бўлиб, бир йилда бир марта тўпланиб, ўн кун мобайнида Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш учун йиллик Ҳисобот тайёрлайди.

Бундан ташқари, БМТнинг туб халқларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Декларацияси Лойиҳасининг Ишчи гуруҳи ҳам фаолият юритади. Ишчи Гуруҳи ҳам туб халқлар ҳуқуқлари бўйича иш олиб боради.

Дунёдаги туб халқлар масалалари бўйича Марказ тадқиқот ва таълим муассасаси бўлиб, туб халқларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётга жалб қилиш билан шуғулланиб келади.

БМТнинг айрим муассасаларида таълим орқали туб халқларнинг маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) Лотин Америкаси, Осиё ва Африкадаги мамлакатларда истиқомат қилаётган туб халқлар вакилларининг болалари аҳволига алоҳида аҳамият беради. ЮНИСЕФ мазкур минтақалардаги мамлакатлар ҳукуматлари билан туб халқлар вакиллари болаларининг бошланғич таълим олиши йўлида бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келади.

ЮНЕСКО эса туб халқларнинг маданияти ва турмуш тарзига бағишланган кенг қамровли тадбирларни амалга оширмоқда.  

Шарофиддин Тўлаганов / TNEWS.UZ