Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Санкт-Петербургга келди. У бугун бу шаҳарда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказади. Икки сиёсатчининг учрашуви шаҳардаги Константин саройи ҳудудидаги грек меҳмонхонасида бўлиб ўтади.

Икки президент ўртасида дастлаб тор доирада музокаралар бўлиб ўтиши белгиланган. Музокаралар чоғида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унинг туркиялик ҳамкасби Мавлут Чавушўғли, шунингдек Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамда Эрдўған маъмурияти бош котиби ўринбосари Иброҳим Калин иштирок этади.

Президентларнинг учрашувидан сўнг матбуот анжумани, ундан кейин икки томон делегацияси ўртасида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказилади.

Қайд этиш жоиз, бу Эрдўғаннинг Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишдан сўнг биринчи хориж сафари бўлди. Шу билан биргаликда, бу Путин ва Эрдўғаннинг 2015 йилнинг ноябрида Россия қирувчи самолётининг турк ҳарбийлари уриб тушириши ортида Россия-Туркия муносабатлари совиб кетганидан кейинги биринчи учрашуви ҳисобланади.

Учрашувларда Туркия ва Россия президентлари "Россия самолёти уриб туширилгач иқтисодий муносабатларда юзага келган инқироз оқибатлари", энергетика ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, туризм, шунингдек, Россияда Туркия қурилиш компанияларига нисбатан жорий этилган чекловларни бекор қилиш масалаларини кўриб чиқади.

Бундан олдинроқ расмий Анқара "Турк оқими" газ қувури қурилиши бўйича ишларни тиклашга тайёрлиги ҳақида маълум қилганди.

17 июль куни икки сиёсатчи ўртасида телефон мулоқоти ўтказилганди. Мулоқот вақтида Путин Туркиядаги исённи қаттиқ қоралаган ва расмий Москва конституцияга зид ҳаракатларга қарши эканини қайд этганди.

Россия ва Туркия муносабатлари 2015 йилнинг ноябрида Сурия осмонидаги Су-24 самолёти уриб туширилгач совуқлашганди.

Путин бу ҳодисани "ортдан берилган зарба" дея баҳолаганди.

Бу воқеадан 7 ой ўтиб, 2016 йилнинг июнида Эрдўған бу иш учун Путиндан узр сўрагани маълум қилинди.