АҚШнинг Delta AirLines авиакомпанияси 8 августда компьютер тизимида юз берган носозликларни бартараф этиш бўйича ишларнинг давом этиши сабабли 9 августда 500 дан кўпроқ рейсини бекор қилди.

"Delta 530 га яқин рейсни бекор қилди, 1,6 мингдан кўпроқ рейс амалга оширилди, компания парвозлар жадвалини бузган носозликни бартараф этиш бўйича фаол ишламоқда", деб айтилди компанияда.

Аввалроқ компаниянинг бош вице-президенти Дейв Холтц 8 август куни мутахассислар "компьютер тизимини муаммо юз бергандан кейин бир неча соат ичида тиклашганини" маълум қилганди. Бироқ у тизимни нормал ҳолатга келтиришнинг ҳали иложи бўлмаганини тан олган. "Биз нормал тартибга қайтиш учун барча имкони бор нарсани амалга оширмоқдамиз, рейсларнинг янги ушланиши ва бекор қилинишини кутмоқдамиз", деб айтди Холтц ва ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.
Охирги маълумотларга кўра, авиакомпания 8 августда бутун дунё бўйлаб 1000 дан ортиқ рейсини бекор қилишга мажбур бўлган. 9 августда компания рейслари 3 соатдан кўпроқ ушланган ёки бекор қилинган барча йўловчиларга 200 долларлик ваучерлар берилишини айтган, бу ваучерлардан компания хизматларига ҳақ тўлашда фойдаланиш мумкин.

Авиакомпания компьютер тизимида носозлик Атланта шаҳрида электр энергиянинг ўчирилиши сабабли юз берган. Таъкидланишича, авиакомпаниянинг муаммо юз берган вақтда парвозни амалга ошираётган барча самолётларидаги вазият меъёрида бўлган.