Хитой пойтахти маъмурияти заҳарли тутун ва газлардан 2020-йилга келиб батамом халос бўлишни режалаштирмоқда, деб хабар ёзмоқда "Бэйцзин цинняньбао" газетаси.

"Ҳозирда ҳавонинг сифатини кузатиб боряпмиз. Ўтган йили бир куб метр ҳаводаги PM 2.5 заҳарли зарралари 61 микрограммни ташкил этган. Келаси йили бу рақам 50 микрограммга тушади, 2020-йилда меъёрга келади", - деган Пекин маъмурияти вакили Му Пэн.

Унинг сўзларига кўра, бу вазифани кўмирдан фойдаланишни қисқартириш ва яшил ўсимликлар сонини кўпайтириш эвазига уддалаш режалаштирилган. 

Нашрнинг қайд этишича, Хитой пойтахти ҳокимияти шаҳар ҳавосини яхшилаш дастурига 16,5 млрд юань (2,57 млрд долларга яқин) маблағ ажратган. Дастурда, кўмир истеъмолини камайтириш ва экологик талабларга мос келмайдиган эски транспорт воситаларини алмаштириш кўзда тутилган.