Россия президенти Владимир Путин Қримда терактларнинг олди олинишига изоҳ бериб,  Европа ва АҚШ Украина раҳбариятига таъсир қилиш учун аниқ қадамлар қабул қилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Ўйлашимча, ҳаммага аёнки, бугунги Украина раҳбарияти муаммони музокаралар йўли билан ҳал қилиш усулларини қидирмай, балки террорга ўтмоқда. Бу жуда хавотирли ҳолат", деб айтди Путин.

Аввалроқ 10 августда Путин Қримда терактларни амалга оширишга уринишни аҳмоқона ва жинояткорона акция бўлганини айтганди ва қўпорувчиликнинг олдини олишда икки россиялик ҳарбийнинг ўлдирилишини эътиборсиз қолдирмасликка ваъда берганди. 

10 августда Россия Федерал хавфсизлик хизмати Қримда Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси томонидан тайёрланган терактларнинг олди олинганини маълум қилганди. Таъкидланишича, "яриморол инфратузилмаси ва ҳаётий таъминотининг муҳим элементлари" нишонга олинган бўлган.