Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада Деодоро кластеридан Риодаги Олимпиада матбуот-марказига кетаётган журналистлар автобусига номаълум кимсалар томонидан ҳужум қилинди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. 

Агентлик маълумотларига кўра, ушбу ҳужум ҳақида автобусда кетаётган журналистлардан бири хабар берган.

"Иккита ўқ узилди, шундан кейин биз тезда полга ётиб олдик. Автобус тўхтамасдан ҳаракатланаверди", деб айтган воқеа гувоҳи.

Ҳужум оқибатида автобуснинг бир неча ойнаси синган. Ҳужум оқибатида икки киши – туркиялик волонтёр ва беларуслик журналист майда жароҳатлар олган. 

Дастлаб ҳужум ўқотар қуролдан ўқ узилишидек туюлган. Бироқ полиция маълумотларига кўра, автобусга тош отилган. Олимпиада ташкилий қўмитаси бу воқеа юзасидан тергов бошлади.